Белгороддаги ҳарбий қисмда бехосдан граната портлаши оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 16 киши яраланди
Белгород областида сержант аскарлар орасида обрўсини ошириш учун граната портлатган.
Россиянинг Белгород области Корочанский райони Тоненькое қўрғонидаги россияликлар ҳарбий қисмида ўқ-дорилар детонацияси оқибатида уч киши ҳалок бўлиб, 16 киши жароҳат олган. Бу ҳақда «Интерфакс» фавқулодда хизматларга таяниб маълумот берди. Нашрга кўра, яна саккиз киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Mash маълумотига кўра, бу 14 январ куни эрталаб, Москва вақти билан соат 4:50 да содир бўлган. Портлаш собиқ маданият уйи биносида юз берган, бу ерда россиялик ҳарбийлар жойлаштирилганди. Фавқулодда хизматларнинг «Интерфакс»га маълум қилишича, сержант (бошқа маълумотларга кўра, катта сержант) ётоқхонада тасодифан қўл гранатасини портлатиб юборган, оқибатда взвод боекомплекти (снаряд ёки патронлар комплекти) портлаб, ёнғин бошланган.
«112» Телеграм-канали ёзишича, бинода граната портлаши ортидан «қурол сақланадиган хонадаги ўқ-дорилар портлаган». Ёнғин 450 квадрат метр майдонни қамраб олган. Портлаш уюштирган ҳарбий омон қолган ва шифохонага ётқизилган. Қўшни бинолардан 15 киши эвакуация қилинган, маҳаллий аҳолидан ҳеч ким жабрланмаган.
Baza нашрининг таъкидлашича, бўлинмадаги портлашни Свердловск областидан келган ҳарбий хизматчи уюштирган (исми кўрсатилмаган), ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг барчаси — сафарбар қилинганлар эди. «Дастлабки маълумотларга кўра, ҳарбий хизматчи қўл остидагилар орасида обрў қозониш учун қўлига РГД-5 гранатасини олган», — дея ёзади Baza.
«112» маълумотига кўра, ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган, аммо қандай модда бўйича экани аниқ эмас. РЕН телеканали хабар қилишича, Тоненькое қўрғони ўраб олинган, унинг ҳудудига журналистлар қўйилмаяпти.
Белгород области Украина билан чегараланган, унинг ҳудудида россиялик ҳарбийларнинг бир қанча база ва полигонлари жойлашган. 2022 йил февралида ушбу ҳудуддан Украинанинг Харкив областига бостириб кирилганди.
Мавзуга оид
16:28
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
14:00 / 16.11.2024