Жаҳон | 08:47 / 17.01.2023
5224
2 дақиқада ўқилади

УҚК бош штаби: Украинада 116 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлди

Украинага кенг кўламли бостириб киришда иштирок этган ва ҳалок бўлган россияликлар сони 116 мингдан ошди, деб маълум қилди Украина Қуролли кучлари бош штаби. 

Фото: Reuters

Унинг маълумотларига кўра, ўтган кун давомида бу кўрсаткич 790 нафарга ошиб, 116 минг 80 нафарни ташкил этган. 

Бундан ташқари, Россия бир кун давомида яна 12 та танкни (уруш бошланганидан бери 1338 та), 21 та зирҳли жанговар машинасини (6204 та), 5 та артиллерия тизимини (2099 та), 1 та ялпи ўт очиш реактив тизимини (438 та), 1 та ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини (220 та), 24 та автотранспорт ва автоцистернани (4870 та) ҳамда 3 та махсус техникани (190 та) йўқотди, дейилади Facebook'да.

Бундан олдин АҚШ Урушни ўрганиш институти (ISW) Кремль келгуси 6 ой ичида ташаббусни қайта қўлга киритиш ва Украинанинг оператив муваффақиятлари сериясига чек қўйиш учун «ҳал қилувчи стратегик ҳаракатларга» тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини билдирганди. 

Таҳлилчилар бундай ҳаракатлар учун бир-бирини истисно қилмайдиган бир нечта вариантни кўриб чиқяпти. Шу тариқа, Россия армияси Луҳанск вилоятида йирик ҳужум уюштиришга ҳаракат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди ISW экспертлари. 

Шу билан бирга, Россия қўшинлари Херсон ёки Запорижжя вилоятларида ҳужум уюштириши даргумон ва бу ҳудудларда мудофаа амалиётларига устувор аҳамият беришади, дейди таҳлилчилар.

Ҳисобот муаллифлари яна бир «ҳал қилувчи стратегик ҳаракат» сифатида Россия томонининг Украина қарши ҳужумини қайтариш ва Украинани ташаббусдан маҳрум қилиш, унинг механизациялашган кучлари муҳим қисмини йўқ қилиш бўйича эҳтимолий уринишини келтирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид