09:41 / 18.01.2023
6926

Нидерландия Украинага Patriot тизимларини етказиб бериш ниятида

АҚШ ва Германиядан кейин Нидерландия ҳам Украинани Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлаш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда DW хабар берди.

Фото: Getty Images

«Биз Patriot лойиҳаси бўйича Германия билан биргаликда қилаётган ишларингизга қўшилиш ниятидамиз», деб маълум қилди Нидерландия бош вазири Марк Рютте Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байден билан бўлиб ўтган учрашув давомида.

Рюттенинг сўзларига кўра, аввалроқ у бу масалани Германия канцлери Олаф Шольц билан муҳокама қилган.

Унинг таъкидлашича, «Украина томонида қолиш қатъияти» 40 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган Россия ҳаво ҳужумидан кейин Днипродан келаётган «даҳшатли суратлар» билан мустаҳкамланган.

Украина Қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари бир неча ой ичида Оклахома штатида Patriot зенит-ракета тизимини бошқариш бўйича тезлаштирилган курсдан ўтадилар.

Пентагон АҚШ армиясининг Оклахома штатидаги Fort Sill базасида украиналик ҳарбийларни Patriot зенит-ракета тизими билан ишлашга ўргатади. 

Курсда Украина Қуролли кучларининг 90 нафардан 100 нафаргача аскари қатнашади. Пентагон маълумотларига кўра, бу битта Patriot тизимини бошқариш учун зарур бўлган ҳарбий хизматчилар сони. Курс бир неча ой давом этади, бу ушбу тизим билан ишлаш учун одатий ўқув давридан сезиларли даражада камроқ. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top