Жаҳон | 11:41 / 19.01.2023
7956
2 дақиқада ўқилади

Лондон Киевга яна 200 та зирҳли техника етказиб берилишини эълон қилди

Аввалроқ эълон қилинган Challenger 2 танкларидан ташқари, Буюк Британия Украинага яна 200 та зирҳли техника етказиб бериш ниятида. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Канада ташқи ишлар вазири Мелани Жоли билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

Challenger 2 / Фото: Getty Images

«Буюк Британия Украинага ёрдам беришда янада кенг кўламли ҳаракатларни режалаштиряпти ва дўстларимизга Challenger 2 асосий жанговар танклари, оғир артиллерия ҳамда 200 дан ортиқ бошқа зирҳли техникаларни етказиб беришга қарор қилди», деди Клеверли. 

Бундан ташқари, Киевга қўшимча 100 минг артиллерия снарядлари ва ўқотар қуроллар учун миллионлаб ўқ-дорилар берилади.

20 январь куни Германиянинг Рамштайн шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасида Ғарб коалицияси Украинага кейинги ҳарбий ёрдам масаласини муҳокама қилади. 

Йиғилишда Германия Федератив Республикасининг янги мудофаа вазири Борис Писториус илк бор иштирок этади. Мюнхен хавфсизлик конференцияси раҳбари Кристоф Хойсген 18 январь куни Reuters агентлигига берган интервьюсида Писториусни Германиянинг Leopard 2 танкларини Украинага етказиб беришга розилигини эълон қилишга чақирди. 

Унинг сўзларига кўра, «Германия ҳаракат қилишга тайёр бўлган ҳамкорлар фикрини тинглаши ва улар билан «ягона устунда» олдинга силжиши керак». Хойсген, шунингдек, Европа ташқи сиёсат кенгашининг ушбу танкларни Украинага биргаликда етказиб бериш ва украиналик ҳарбийларни уларни бошқаришга ўргатиш бўйича Европа консорциумини яратиш бўйича таклифини тўғри деб атади.

Мавзуга оид