Жаҳон | 09:03 / 20.01.2023
11195
2 дақиқада ўқилади

Rheinmetall Украинага 100 тагача Leopard 1 танкларини етказиб беришга тайёр

Германия ҳарбий саноати Украинага жанговар танкларни етказиб беришга тайёрланмоқда, деб ёзади Handelsblatt саноатдаги манбаларга таяниб. 

Фото: Wikipedia

Германиянинг Leopard 2 танкларидан ташқари, аввалги русумдаги Leopard 1 танклари ҳам Киевга ўтказилиши мумкин. Бу йил Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни ушбу танклардан 20 тасини, яна 80 тасини эса 20 ой ичида таъмирлаб, қайта жиҳозлаши мумкин. 

Бу Бундесвернинг ўз захираларини камайтирмасдан танкларни Киевга ўтказиш имконини беради, деб ёзади газета. 

Бундан ташқари, Rheinmetall Уммондан Британиянинг Challenger-1 танкларини сотиб олишга ва модернизация қилишга тайёр, дея хабар беради Handelsblatt манбалари.

Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц Украинани Россия агрессиясига қарши курашда Германиянинг чексиз ёрдамига ишонтирганди. 

Германия Украинага «доимий равишда» ва халқаро ҳамкорлар билан Россия урушда мағлуб бўлиши учун «катта миқдорда қурол» етказиб беради, деди у Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россия ўзининг «империалистик мақсадларига эриша олмади», Украина эса «ўзини катта жасорат ва муваффақият билан ҳимоя қилмоқда».

Германия канцлери ўз нутқида ва кейинроқ журналистлар саволларига жавоб берар экан, Украинага Leopard 2 танкларини етказиб бериш эҳтимоли ҳақидаги баёнотлардан бош тортди. 

Шольц Германия Украинани сифат жиҳатидан янги даражадаги ҳарбий қўллаб-қувватлаш бўйича қарорларни фақат иттифоқчилари билан биргаликда қабул қилишини айтди. У Америка Қўшма Штатлари ва Францияни эслатиб ўтди. «Бу бизнинг стратегиямиз», деди Германия ҳукумати раҳбари ҳамда у ҳали ҳам НАТО ва Россия ўртасида уруш юз бермаслиги учун ҳаракат қилишга интилаётганини таъкидлади.

Мавзуга оид