Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Столтенберг: Leopard'ни Киевга етказиб бериш масаласи муҳокамаси давом этади
Украина мудофаа бўйича алоқа гуруҳи Киевга Leopard танкларини етказиб бериш бўйича келишувга эриша олмаган бўлса-да, музокаралар якунланмади, деди НАТО бош котиби.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Ғарб давлатларининг Украинага янги қурол етказиб берилишини эълон қилганини олқишлади ва Германиянинг Leopard 2 танкларини топшириш эҳтимоли бўйича муҳокама яна давом этишини кутаётганини айтди. Жума, 20 январь куни Американинг Рамштайн ҳарбий базасида журналистлар олдида чиқиш қилиб, Шимолий Атлантика альянси раҳбари Украина юзлаб янги зирҳли техника, пиёда жанговар машиналар ва танклар олишини таъкидлади, бу «украиналикларга нафақат Россиянинг янги ҳужумларидан ҳимояланиш, балки ҳудудларини қайтариб олиш учун ўз ҳужумларини бошлаш имконини беради».
НАТО бош котибининг алоҳида таъкидлашича, иттифоқчилар кучларини нафақат Киевга янги қуролларни топширишга, балки аллақачон ўтказилган техникани сақлаш ва унга ўқ-дорилар етказиб беришга кўмаклашишга қаратишлари керак. «Бизга ўқ-дорилар керак. Бизга эҳтиёт қисмлар керак. Бизга техник хизмат кўрсатиш керак ва биз машғулотлар олиб боряпмиз», - деди у.
Германия Leopard 2 немис танкларини етказиб беришга розилик бермай Европа бирлигига зиён етказяптими, деган саволга Столтенберг «маслаҳатлашувлар давом этади» деб жавоб берди.
Шу билан бирга, НАТО бош котиби Германияни уруш бошланганидан бери Украинага энг катта ёрдам кўрсатган давлатлардан бири деб атади. «Артиллерия, ўқ-дорилар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, энди эса Marder зирҳли транспортёрлари. Германия ҳақиқатан ҳам кўп соҳаларда Украинани қўллаб-қувватлашда етакчи», - деди у.
Германия мудофаа вазири Борис Писториус аввалроқ айтганидек, Украинага Leopard танкини етказиб бериш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. Вазирнинг сўзларига кўра, бу масала муҳокама қилинган: унинг тарафдорлари ҳам, мухолифлари ҳам бор. Шу билан бирга, Писториус Германия Мудофаа вазирлигига Leopard танклари паркини қайта кўриб чиқишни буюрди. Гап Бундесверда хизмат кўрсатаётган ва ишлаб чиқарувчиларда бўлган машиналар ҳақида кетяпти. Танклар сонини, шунингдек, уларнинг шериклар жанговар транспорт воситаларига мослигини аниқлаш керак. «Leopard танкларини етказиб бериш бўйича қарор қайси нуқтада қабул қилинишини ҳозирча айта олмаймиз, бироқ иттифоқчилар билан келишувга эришилса, буни тезда қабул қилиш мумкин», деди Писториус.
Мавзуга оид
09:27 / 10.11.2025
НАТО собиқ бош котиби Украина узра “нофлай зона” жорий этмаслик сабабини тушунтирди
18:47 / 28.05.2025
Швейцария 71 та Leopard танкининг Германияга сотилишига рухсат берди
22:58 / 04.02.2025
НАТО собиқ бош котиби Норвегия молия вазири этиб тайинланди
11:50 / 02.10.2024