Жамият | 18:57 / 23.01.2023
26798
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбеклар билан таржимонсиз гаплашаман” — Ҳиндистондан даво топишда ўзбекларга ёрдам берадиган Маҳбуб Афзал

Маҳбуб ўзбекчани анча равон гапиради. Ҳиндистонда қайси шифокор яхши, визани қандай олиш ва бунда қайси ҳужжатлар керак бўлиши ҳақидаги маълумотларни эринмай тушунтиргани учун ҳам Маҳбуб жуда кўп ўзбекларнинг жонига ора киради, дейди уни таниганлар.

Фото: KUN.UZ

14 ёшида Қуръони Каримни ёд олган, араб, форс, ҳинд ва ўзбек тилларида бемалол гаплаша оладиган Маҳбуб Афзал ўзбек халқининг оғайнисига айланган. Унинг Ўзбекистондаги дўстлари Маҳбуб ҳақида кўп жойда илиқ сўзлар айтишади, ўзларига яқин олишади. Ҳиндистонга даво излаб борган бемор борки, Маҳбуб Афзални танийди.

Қаҳрамонимиз бугун кўплаб ҳамюртларимизнинг Ҳиндистондан шифо топишида сабабчи бўлиб келяпти. У беморлар билан гаплашиб, уларга шифокор топиб бериш, шифокордан таклифнома олиш, виза олиш, борингки, Ҳиндистонда даволаниб келиш бўйича маслаҳати ва хизматини аямайди.

«Ўзбек тилини Ҳиндистонда ўрганганман»

— Ҳиндистондаги «Al Salama Medical» туризм фирмасини юритаман. Ва бир пайтда Ҳиндистондаги «Aakash» клиникасининг Ўзбекистондаги элчисиман.

Мендан кўпинча ўзбекчани қаерда ўрганганим ва ўзбеклар билан ишлаш фаолиятим ҳақида сўрашади. Ўзбек тилига муҳаббатим мадрасада ўқиган пайтимда бошланган. У ерда Қуръони Карим билан бирга ислом оламида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи манба – Ал-Бухорийнинг ҳадислар китобини ҳам ўқиганмиз. Бундан ташқари, яна бир ҳадисшунос Термизий, тиббиёт бўйича энг катта олим Ибн Сино ҳам Ўзбекистондан бўлгани, қолаверса, Ҳиндистонда бобурийлар сулоласини тузган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзбек бўлган. Ана шу шахслар менинг ўзбек тилини ўрганишимга туртки бўлган.

Ҳиндистондаги мадрасани битирганимдан кейин Деҳлидаги Жамиа Миллиа Исламиа университетига кирдим. Бакалавриатни шу ерда тугатиб, бу университетда ўзбек тили ўргатилишини билиб қолдим. Ҳиндистонда ўзбек тилини ўргатадиган факультет фақат Жамиа Миллиа Исламиада бор.

У ерда ўзбек тилини ўрганиб, 5 йилдан бери Ўзбекистонга келиб-кетиб, ўзбеклар билан ишлаб келяпман.

Нега тиббиёт Ҳиндистонда ривожланган?

— Дардни берган Аллоҳ шифосини ҳам беради. Биз бир сабабчимиз, шифо эса Аллоҳдан. Тиббиётнинг Ҳиндистонда ривожланганига сабаб эса у ерда аҳоли кўп. Аҳоли кўп бўлган жойда касаллик ва табиийки уни даволаш йўллари, усуллари ҳам кўпаяди. Шу билан бирга, касалликлар устида тажриба қилиш имконияти кўпроқ бўлади.

Бундан ташқари, Ҳиндистонда тиббиёт университетларига кириш ва ўқиш жуда қийин. Битта ўринга 100 мингтагача абитуриент тўғри келади. Уларнинг ичидан имтиҳондан ўтиш юқори билимни талаб қилади. Талабалар ўқишнинг кейинги босқичига ўтиш учун ҳам кўп ўқишлари керак бўлади.

Нега бизда яхши мутахассислар кўплигининг яна бир сабаби – кўп шифокорларимиз АҚШ, Европада малака ошириб, сўнгра Ҳиндистонга келиб ишларини давом эттиришади.

Маҳбуб ва ўзбеклар ўртасидаги боғлиқлик

— Мени таниган-билганлар қариндошлари, дўстларига тавсия қилишади. Шунингдек, Ўзбекистондаги клиникалар билан ҳам ҳамкорлигимиз бор. Улар орқали ҳам мен билан боғланишади. Ўзбекистонда даволашнинг имкони бўлмаган ҳолларда биз билан алоқага чиқишади.

Беморлар одатда мен билан боғланиб, ўзларининг касаллик тарихларини жўнатишади. Шунга қараб уларга Ҳиндистондан шифокорларни тавсия қиламан. Ҳозирда беморлар Ўзбекистондаги клиникаларда туриб, Ҳиндистонлик шифокорлардан онлайн консультация олишяпти. Агар бемор онлайн консультация билан шифо топмайдиган бўлса, Ҳиндистонга келишига тўғри келади.

Яқин йиллар ичида Ўзбекистондан Ҳиндистонга жигар алмаштириш, онкологик касаллар, бош мияда ўсимта, оққон касаллиги билан оғриган беморлар келиб кетиши жуда кўпайган.

Ҳиндистонга даволангани бориш ҳақида

— Мен беморнинг касаллик варақаларини олиб, Ҳиндистондаги шифокорларга кўрсатиб, жарроҳлик амалиёти ёки даволаш орқали тузаладиган касаллигини аниқлаб бераман. Бу ердаги шифокорларнинг тавсиясини олгандан кейин, бемор билан ўзимиз боғланамиз ва вазиятни тушунтирамиз. Агар Ҳиндистонга келиш шарт бўлмаса, буни ҳам беморга етказамиз. Мабодо бемор ўзи келишни, касаллигини қайта текширтиришни хоҳласа, уни ҳам қабул қиламиз.

Умуман, Ҳиндистонда даволанишга келадиган бемор аввало бизга хорижга чиқиш паспортини ташлаб бериши керак. Кейин биз унга клиника номидан таклифнома жўнатамиз. Унда клиникага бемор келиши кераклигини ёзамиз. Таклифномада бемор қайси клиникага келиши кераклиги кўрсатилган бўлади. Шу таклифномага асосан, онлайн анкета тўлдиради. Уни хоҳлаган вақт, хоҳлаган жойида тўлдириш мумкин. Шу тариқа, ҳозир 1 кунда ҳам виза чиқяпти. Чунки визани онлайн олиш имкони ҳам пайдо бўлди.

Кейин чипта олиб келса бўлади. Чипта олгандан кейин бизга ташлаб берилади, биз шунга қараб уларни кутиб олиб, меҳмонхонага жойлаштириш, клиникага олиб бориш каби ҳамма ташкилий ишларни қилиб берамиз. Бу иш билан шахсан ўзим шуғулланаман. Чунки кўп беморлар русча ва инглизчани билмайди. Қолаверса, бегона юртда беморлар билан уларнинг она тилида гаплашиш, дардини эшитиш ва ёрдам қилиш беморларни руҳан қўллаб-қувватлайди.

Беморга ёрдам қиладиган фондлар

— 7 йилдан бери шу соҳанинг ичида бўлсам, охирги вақтларда талаб жуда кўплиги учун асосан ўзбеклар билан ишлаяпман. Олдин араблар билан ишлардим. Айни дамда Ҳиндистондаман. Шунинг учун беморлар билан боғланиб, виза ишларини ҳал қилганимиздан кейин, уларни Ҳиндистонда кутиб олиш, меҳмонхона топиб гаплашиш, у ерга беморни жойлаштириш ва шифокорлар билан гаплашиш, клиникаларга олиб бориш, хуллас, Ҳиндистондаги барча жараён учун мен жавобгарман.

Лекин бизнинг ишимиз фақат бу билан чекланмайди. Ўзбекистонда ҳаммада ҳам Ҳиндистонга келиб даволаниш учун шароит йўқ. Шунинг учун Ўзбекистондаги турли фондларни топиб, касалларга ҳомийлик қилишларида ҳам кўмаклашишга ёрдам берамиз. Бу бўйича «Эзгу амал», «Она», «Соғлом авлод» каби фондлар билан ҳамкорлик қилиб келамиз.

Одатда беморларнинг Ҳиндистондаги даволанишлари 15-20 кунда битади. Агар трансплантация бўлса, муддат 2 ойга чўзилади. Бунда Ҳиндистонга бемордан ташқари 2 киши келгани маъқул. Чунки донор ҳам вақтинча касал бўлиб қолади. 2 касалга қарайдиган яна бир кишига эҳтиёж туғилади. Трансплантация бўлмаса, 2 киши етарли.

Ўзбекистонда одамлар ўта оғир касал бўлмагунча ҳаракат қилишмайди. Тўғри, бунақалар Ҳиндистонда ҳам бор. Шунинг учун улардан касаллик ҳақида иложи борича тезроқ хабар қилишларини сўраган бўлардим. Чунки касалликнинг вақти ўтиб кетса, маблағ ҳам кўп кетади, касални даволаш ҳам чўзилади.

Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид