Жаҳон | 23:36 / 23.01.2023
12510
2 дақиқада ўқилади

Украинада Херсонда «референдум» ташкил этишда иштирок этган шахс судланди 

Бу Россия томонидан ўтказилган «референдум» иштирокчилари устидан биринчи суд маҳкамаси бўлди. 

Фото: AFP

Украина суди Херсон вилоятида яшовчи аёлни «Россияга қўшилиш бўйича референдум»ни ташкил этишда иштирок этгани учун коллаборация фаолияти ҳақидаги модда бўйича беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) маълумотларига кўра, бундай ҳукм биринчи марта чиқарилмоқда. 

Шунингдек, судланувчи 10 йил муддатга давлат органларида лавозимларни эгаллаш ва сайлов жараёни билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. 

Новоалександровка қишлоғида яшовчи фуқарога нисбатан УХХ томонидан тўпланган материаллар асосида иш очилган. Бошқарма маълумотларига кўра, аёл «референдум»да сайлов комиссияси аъзоси бўлган. 

Айбланувчи сайловчилар рўйхатини тузган, одамларни «сайлов участкаларига» келиб, Россия Федерациясига қўшилиш учун овоз беришга чақирган, дейилади УХХ хабарида. 

Новоалександровка Украина ҳарбийлари томонидан озод қилинганидан сўнг, аёл «барқарорлаштириш чоралари» пайтида ҳибсга олинган. Айбланувчи тергов билан ҳамкорлик қилган. 

2022 йил 23-27 сентябр кунлари Россия Украинанинг қисман босиб олинган Донецк, Луганск, Запорожжя ва Херсон вилоятларида «референдумлар» ўтказди ва кейин бу ҳудудларни аннексия қилди. Ноябр ойида рус қўшинлари Херсон вилоятининг бир қисмини тарк этишди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид