Ўзбекистон | 20:39 / 23.01.2023
8619
3 дақиқада ўқилади

“Зўравонликка учрасангиз, 1146 қисқа рақамига мурожаат қилинг” — Раъно Турдибоева

“Мен ҳеч кимга керак эмасман” деган фикрдан йироқ бўлинг”, дея зўравонликка учраган аёлларга мурожаат қилди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева. Kun.uz мухбири аёллар реабилитация марказининг қисқа рақами ҳақида хотин-қизларни хабардор қилиш учун оммавий SMS хабарнома тарқатишни таклиф қилди.

Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёллар 1146 қисқа рақамлари орқали реабилитация марказларига боғланишлари ёки маҳалладаги хотин-қизлар фаолларига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ҳақда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева Kun.uz'даги подкастда айтиб ўтди.

“Кенг жамоатчиликка етиб бориши учун айтиб ўтмоқчиман. Ҳурматли аёллар, “мен ҳеч кимга керак эмасман” деган фикрдан четда бўлинг, сизнинг мурожаат қиладиган жойингиз бор. 1146 қисқа рақами орқали реабилитация марказларига мурожаат қилишингиз мумкин. Агар бунинг иложи бўлмаса, яъни аёлда шахсий телефон бўлмаганда маҳалла хотин-қизлар фаолларига айтишсин.

Аёл эри томонидан зўравонликка учраши мумкин бўлган вазиятда уларга ёрдам беришнинг имкони бор – улар чорасиз эмас. Фақат шу мурожаат қилиш мумкинлигини билишлари керак”, – деди Турдибоева.

Республиканинг ҳамма ҳудудларидаги аёллар ҳам бундай рақам борлигидан хабардор эмас. Kun.uz журналисти уларни хабардор қилиш учун мобил компаниялар томонидан SMS-хабарномалар юбориш самарали йўл ҳисобланишини айтди.

“Бугун деярли ҳаммада мобил телефон бор. Мобил компаниялар фаолиятидан фойдаланамиз. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси шундай компаниялар билан ҳамкорликда ҳар бир аёлга SMS-хабарнома шаклида 1146 рақами борлиги, руҳий, жисмоний, жинсий зўравонликларга учраганда шу рақам орқали мурожаат қилиши мумкинлиги ҳақида маълумот бериши керак.

Агар мурожаат қилиш имкони бўлмаганда маҳалла фаолларига мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида ҳафтада бир марта хабар берилиши керак. Бу жуда осон ва арзон усул ҳисобланади. Чунки аёллар қаердан ёрдам олишни билмасдан, тақдирга тан бериб, барча стрессларни ичга ютади. Оқибатда эса бу аламларини болаларидан олади, бундан болалар зарар кўради. Шу тахлит тарбияланган бола эртага ота-она бўлади ва ундан ҳам худди шундай натижа кутилади”, – деди журналист Гулмира Тошниёзова.

Қўмита раиси ўринбосари бу масалага маблағ ажратиш кўриб чиқилишини айтди.

Мавзуга оид