Жаҳон | 12:11 / 24.01.2023
8708
2 дақиқада ўқилади

Rheinmetall Украинага 139 та Leopard танкини етказиб бериши мумкин

Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Украинага жами 139 та Leopard 1 ва Leopard 2 танкларини етказиб бериши мумкин. 

Фото: Philipp Schulze/dpa/picture-alliance

"Бизда 22 та Leopard 2A4 машиналари бор, уларни фойдаланишга тайёр ҳолатга келтириб, Украинага топширишимиз мумкин, - деб маълум қилди компания вакили Redaktionsnetzwerk Deutschland нашрлари гуруҳига. - Уларни тартибга солиш учун бир йилдан сал камроқ вақт кетади. Етказиб бериш 2023 йил охири – 2024 йил бошида амалга ошиши мумкин". 

Бундан ташқари, концерн вакилининг сўзларига кўра, 2023 йилнинг апрель-май ойларида бўлиб ўтадиган лойиҳалар учун 29 та Leopard 2A4 танклари тайёрланади. 

Leopard 1 танклари бўйича эса, Rheinmetall ушбу транспорт воситаларининг 88 тасини тақдим эта олади.

Германия ҳарбий саноати Украинага жанговар танкларни етказиб беришга тайёрланмоқда, деб ёзганди Handelsblatt саноатдаги манбаларга таяниб. 

Германиянинг Leopard 2 танкларидан ташқари, аввалги русумдаги Leopard 1 танклари ҳам Киевга ўтказилиши мумкин. Бу йил Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни ушбу танклардан 20 тасини, яна 80 тасини эса 20 ой ичида таъмирлаб, қайта жиҳозлаши мумкин. 

Бу Бундесвернинг ўз захираларини камайтирмасдан танкларни Киевга ўтказиш имконини беради, деб ёзади газета. 

Бундан ташқари, Rheinmetall Уммондан Британиянинг Challenger-1 танкларини сотиб олишга ва модернизация қилишга тайёр, дея хабар беради Handelsblatt манбалари.

Мавзуга оид