Жаҳон | 12:11 / 29.10.2025
1606
2 дақиқада ўқилади

Rheinmetall Болгарияда ҳарбий завод барпо этилишини эълон қилди

Немис концерни Rheinmetall Болгария ҳокимияти билан 155 мм калибрли снарядлар ишлаб чиқариш заводини қуриш бўйича келишувга келди. Лойиҳага 1 млрд евро инвестиция киритилади, корхона 2027 йилда ишга туширилади.

Фото: Julian Stratenschulte/dpa/picture alliance

Немис мудофаа концерни Rheinmetall AG Болгарияда артиллерия снарядлари ишлаб чиқариш заводи қурилиши юзасидан келишувга эришгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда компания сайтида сешанба, 28 октябр куни эълон қилинди.

Rheinmetall Болгария марказидаги Сопот шаҳрида Вазов машинасозлик заводи (VMZ) билан битим тузди. Икки компания 51 фоиз улуш немис томонига, 49 фоизи — болгар томонига тегишли бўлган қўшма корхона тузади. Янги корхонага умумий инвестициялар ҳажми тахминан 1 млрд еврони ташкил этади, у қарийб 1000 та иш ўрни яратади.

Завод йилига тахминан 100 000 дона артиллерия снарядлари ва улар учун 150 000 та жанговар заряд, шунингдек 1300 тонна порох ишлаб чиқариши кутилмоқда. Ишлаб чиқаришни 2027 йилда бошлаш режалаштирилган.

«Имкониятларимизга бўлган ишончи учун Болгария ҳукуматига миннатдорчилик билдирамиз, — деди Rheinmetall бош директори Армин Паппергер. — Янги завод очилиши билан артиллерия ўқ-дорилари ишлаб чиқарувчиси сифатида етакчи мавқеимизни янада мустаҳкамлаймиз ва ЕИ ҳамда НАТОнинг мудофаа салоҳиятини қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз».

«Биз Германиянинг технологик тажрибаси ва Болгариянинг саноат салоҳиятини бирлаштирувчи ҳамкорлик пойдеворини қўямиз — бу Европа учун янада хавфсиз келажакни барпо этишга хизмат қилади», — деди шартнома имзолаш маросимида Болгария бош вазири Росен Желязков. Унинг сўзлари Болгария ҳукуматининг пресс-релизида келтирилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, завод 14 ой ичида қурилиши ва 155 мм калибрли снарядлар ишлаб чиқариши лозим.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид