Жаҳон | 10:02 / 24.01.2023
32061
2 дақиқада ўқилади

Шойгу иккита ҳарбий округ қўмондонларини ўзгартирди

Украинадаги урушда Россия бирлашган қўшинларининг илк қўмондони бўлган Александр Дворников ишдан кетган.

Фото: Sputnik/Reuters

РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Жанубий ва Ғарбий ҳарбий округларнинг янги қўмондонларини тайинлади. Бу ҳақда РБК нашрининг ушбу ўзгаришлардан хабардор манбаси хабар берди. Бу маълумотни ҳарбий идорага яқин бўлган яна бир суҳбатдош тасдиқлаган.

Маълум қилинишича, декабр ойи ўрталаридан буён Ғарбий ҳарбий округни бошқариб келган генерал-полковник Сергей Кузовлев ўрнига генерал-лейтенант Евгений Никифоров тайинланган. Ўз навбатида, Кузовлев Жанубий ҳарбий округ бошқарувига ўтказилган.

Сергей Кузовлев (Фото: wikimedia.org)

Никифоров 2020 йилдан буён Шарқий ҳарбий округ қўмондони биринчи ўринбосари лавозимида эди.

Евгений Никифоров (Фото: wikimedia.org)

РФ мудофаа вазирлиги янги тайинловлар бўйича расман маълумот бермади. Вазирлик сайтида Шарқий ҳарбий округ қўшинларига армия генерали Александр Дворников қўмондонлик қилиши кўрсатилган.

Ғарбий ҳарбий округ қўмондонлигида Кузовлев ўрнини Никифоров эгаллаши ҳақиқда Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси ўтган йил 26 декабрида хабар қилганди.

«Кузовлевнинг ишдан олиниши расмий сабаби сифатида Лиман йўналишида ҳужумга яхши тайёргарлик кўрилмагани келтирилади. Аммо аслида бу Россия олий раҳбариятидаги ички сиёсий курашнинг кўринишидир — Шойгу-Герасимов орбитасидаги одам Суровикин-Пригожин гуруҳи номзодини алмаштирмоқда», — дея хабар қилган украинлар разведкаси.

  • Россиядаги армия генерали унвонига эга бўлган кам сонли (ҳозирда улар 11 нафар) ҳарбийлардан бири Дворников Россия Украинага бостириб киргач, мамлакат қўшинларининг бирлашган гуруҳларига қўмондонлик қилаётгани ҳақида кўп манбалар ёзган, Россия Мудофаа вазирлиги бу хабарни рад этмаганди.
  • Суриядаги урушда ҳам қатнашган Дворников Мариупол руслар томонидан эгаллаб олинганда рус қўшинларини бошқараётганди. Кейинчалик унинг ўрнини Сергей Суровикин эгаллади. Украина разведкаси Дворников округ раҳбарлигидан ҳам кетгани ҳақида декабр ойидаёқ хабар берганди.

Мавзуга оид