Жаҳон | 17:09 / 25.01.2023
22248
6 дақиқада ўқилади

Етти ойлик истилодан кейинги Северодонецк ва ярим йилдан буён қамал ҳолатидаги Бахмут. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 335-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • Германия Украинага Leopard 2 танкларининг камида битта ротасини (14 дона) юборишга рози бўлган. Бундан олдин Полша ГФРга Leopard танкларини Украинага жўнатишга рухсат беришини сўраб расман мурожаат қилганди.
  • The Wall Street Journal ва бошқа қатор нашрларнинг ёзишича, танклар жўнатилиши ҳақида шу ҳафтада АҚШ ҳам эълон қилиши кутилмоқда. Politico маълумотига кўра, гап тахминан 30 та танк ҳақида кетиши мумкин.
  • Украина ҳуқуқ-тартибот органлари 52-оғир бомбардимончи авиация полки командири, полковник Олег Тимошинга Днипродаги турар жойларга ракета зарбаси йўлланишига алоқадорлик бўйича айблов эълон қилди.
  • Россияниннг Белгород области губернатори Гладковнинг маълум қилишича, уруш бошидан буён област ҳудуди ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларининг 25 нафари ҳалок бўлиб, яна 96 нафари яраланган.
  • 18 январ куни Киев областидаги Бровари шаҳрида вертолёт қулашига, дастлабки маълумотларга кўра, учувчининг хатоси сабаб бўлган, у жуда пастлаб учган ва Беларус томондан ракета зарбаси келиши хавфи туфайли маршрутни ўзгартирган. Авиаҳалокат оқибатида 14 киши, жумладан Украина ички ишлар вазири Денис Монастирский ва бир бола ҳалок бўлганди.

Северодонецк етти ойлик оккупациядан кейин

Северодонецк Луҳанскдан тахминан 90 километр масофада жойлашган. 2014 йилда, Луҳанск айирмачилар томонидан эгалланганидан кейин Северодонецк Луҳанск областининг Украина назоратидаги қисмининг вақтинчалик маъмурий марказига айланганди.

Северодонецк ва унинг атрофидаги ҳудудлар ўққа тутилиши мартнинг илк кунларида бошланган ва 25 июнга қадар тинмаган, ўшанда шаҳар тўлиғича Россия назоратига ўтганди. Бугунги кунга келиб шаҳардаги турар жой биноларининг 90 фоизи зарбалардан шикастланган, иссиқлик таъминоти йўқ, ток деярли ёнмайди ва канализация ишламайди. Шунга қарамай, кенг кўламли босқинга қадар 100 мингдан ортиқ киши яшаган Северодонецкда, Луҳанск области Северодонецк шаҳри ҳарбий-фуқаролик маъмурияти раҳбари Олександр Стрюкнинг маълумотига кўра, ҳозир ҳам саккиз минг киши яшамоқда. Қуйида етти ойдан буён Россия оккупациясида яшаётган шаҳарнинг бугунги манзаралари.

AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA

Донецкнинг оккупация остидаги қисми ўққа тутилиши

«ДХР»нинг Кремл томонидан тайинланган маъмурияти маълумотига кўра, 24 январ куни Украина қуролли кучлари Донецк областининг Россия назорати остидаги ҳудудларини 18 бор ўққа тутган. Зарбалар Донецк, Ҳорливка, Ясинувата ва региондаги бошқа шаҳар ва қишлоқларга келган. Қурбонлар ҳақида хабар берилмаган.

Донецк областидан 25 километр шимолда жойлашган ва оккупация остида бўлган Ясинувата шаҳри тунда ўққа тутилиши вақтида шикастланган турар жой биноси олдидаги газ қувурини тузатаётган пайвандчи
Николай Тришин / ТАСС
Ясинуватадаги турар жойлардан бирининг зарбалар вақтида синиб кетган деразаси
Николай Тришин / ТАСС
РФ назоратидаги Иловайск шаҳрида темирйўл станцияси ўққа тутилиши оқибатлари — шаҳар Донецкдан тахминан 40 километр шимоли-шарқда жойлашган
Иван Ноябрев / ТАСС

Бахмутдаги вазият

Россия қўшини Донецк областининг Бахмут шаҳрига юриш қилишда давом этмоқда. Бу йўналишда ҳаракатланаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кучлари катта йўқотишларга қарамай, ҳамон Украина қуролли кучлари учун хавф солмоқда. Бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси ҳисоботида айтилган, уни 24 январ куни CNN нашри эълон қилган. Нашрнинг ёзишича, Ғарбдаги иттифоқчилар Украинани асосий кучларни Бахмут мудофаасидан мамлакатнинг жанубий областларида ҳужум бошлаш учун ўтказишга чақирмоқда.

Аммо, CNN манбалари сўзларига кўра, Володимир Зеленский Бахмутни ушлаб туриш Украина қуролли кучларида бутун Донбассни қайтариш учун кўпроқ имконият қолдиради деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Украина президенти ҳисоблашича, Бахмутни эгаллаш россияликларга стратегик муҳим шаҳарлар — Словянск ва Краматорск томон йўл очади.

Россияликлар позициялари томон 2С7 «Пион» ўзиюрар замбарагидан ўт очишга ҳозирланаётган украин ҳарбийлари
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Украинларнинг 2С7 «Пион» русумли ўзиюрар замбарагидан ўт очилиши
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Гуманитар ёрдам учун навбатда турган бахмутликлар. Вазият ҳаддан ташқари оғирлигига қарамай, шаҳарда минглаб кишилар қолмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Бахмутда яшовчи 75 ёшли Анатолий гуманитар ёрдам учун навбатда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Дафн маросимлари хизмати ходими Бахмутдаги янги қабрга хоч ўрнатмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид