Жаҳон | 22:57 / 26.01.2023
9559
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Молия вазирлиги «Вагнер»ни халқаро жиноий ташкилотлар рўйхатига киритди 

Шунингдек, компания ҳамкорларига нисбатан ҳам санкциялар жорий этилди. 

Фото: РИА Новости

АҚШ Молия вазирлиги «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясини трансмиллий жиноий ташкилот сифатида таснифлади. Компания ва унинг асосчиси Евгений Пригожинга алоқадор тузилмаларга қарши янги санкциялар жорий этилди. 

«Вагнер» гуруҳига, шунингдек, унинг ҳамкорлари ва Россия ҳарбий комплексини қўллаб-қувватловчи бошқа компанияларга нисбатан жорий қилинаётган янги санкциялар Путинга ўз ҳарбий машинасини қуроллантириш ва жиҳозлашда янада тўсқинлик қилади», деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. 

АҚШ Молия вазирлиги шунингдек, «Вагнер»га алоқадор 12 та компанияга нисбатан ҳам санкциялар киритди: 

- «Алмаз-Антей» акциядорлик жамияти;

- «Терра Тех» (Россия) акциядорлик жамияти;

- «Тяньи» (Хитой) илмий-тадқиқот институти;

- Sewa Security Services (МАР);

- Officer’s Union for International Security (МАР);

- Kratol Aviation (БАА);

- «Авиакон Цитотранс» (Россия);

- Урал фуқаролик авиацияси заводи (Россия);

- Миллий авиация-сервис компанияси (Россия);

- «Прима» (Россия) илмий ишлаб чиқариш корхонаси;

- «Гамма» (Россия) илмий ишлаб чиқариш корхонаси;

 - «ТКХ-Инвест» (Россия) акциядорлик жамияти; 

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси россиялик тадбиркор, «Путиннинг ошпази» номи билан танилган Евгений Пригожин томонидан ташкил этилган. Гуруҳ 2014 йилда Украинада, кейинчалик Сурия, Ливия ва Марказий Африка Республикасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашгани ҳақида маълумотлар бор. 

2017 йилда гуруҳ АҚШ санкциялари рўйхатига киритилди. 2021 йилда Европа Иттифоқи гуруҳни Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилишда, Сурия ва Ливиядаги вазиятни издан чиқаришда, инсон ҳуқуқларини қўпол бузганликда айблаб, санкциялар жорий қилди.  

Шунингдек, БМТ ва Франция «Вагнер» жангчиларини Марказий Африка Республикасидаги зўравонликлар ва қотилликларда айблайди. 

«Вагнер» Украинадаги урушда фаол иштирок этмоқда. Унинг таркиби асосан Россия қамоқхоналаридаги маҳбуслар ва кўнгиллилар билан тўлдирилган.

Мавзуга оид