Жаҳон | 23:04 / 26.01.2023
15849
2 дақиқада ўқилади

Россиядан депортация қилинган қурувчи мигрантларни амнистия қилиш таклиф этилди 

Россия қурилиш соҳасида малакали ишчилар танқислиги кузатилмоқда. 

Фото: РИА Новости

Россиядан миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилинган хорижлик қурувчилар қурилиш майдонларига қайтиши учун амнистия қилиниши керак. Бу ҳақда Қурувчилар миллий ассоциацияси (НОСТРОЙ) президенти Антон Глушков гапирди.

«Менимча, ҳозир Россия ҳудудидан депортация қилинган хорижий ишчиларни қайтариш учун амнистия механизмини ишлаб чиқиш вақти келди. Чунки чет эллик ишчи кучи бизга керак, улар Россия ҳудудида ишлаш тажрибасига эга. Шунинг учун «имтиёзли» амнистия механизмини жорий қилиш керак», деди у. 

Унинг таъкидлашича, ҳозир хорижликлар депортация устидан судга мурожаат қилмоқда ва қайтиб келмоқда. Бундай суд амалиёти аллақачон шакллантирилган, лекин механизм янада содда бўлиши керак. 

«Пандемия даврида қурилиш соҳасида меҳнат муҳожирларининг сезиларли даражада чиқиб кетиши кузатилди, лекин ҳозир улар қайтмоқда. Уларнинг сони ҳали 2019 йилги кўрсаткичларга етмади, аммо шартнома имзолаган мигрантлар улуши ортиб бормоқда», деди НОСТРОЙ раҳбари. 

«Бизга малакасиз эмас, малакали ишчи керак. Шунинг учун, масалан, Ўзбекистон билан шартнома туздик ва Ўзбекистонда 30 та ўқув марказини ташкил қилдик. Хоҳловчилар ишчи мутахассисликлар бўйича ўқитилади, малакасини (миллий тилда) рус стандартларига мувофиқ тасдиқлайди», деди Глушков. 

НОСТРОЙ раҳбари сўзларига кўра, Россияда оддий ишчилар, бетон қуювчилар, пардозчилар, ғишт терувчилар, сувоқчилар, темир-бетон монтажчилари, пайвандчилар етишмаяпти. Россиядаги қурилиш объектларида чет эллик ишчиларга бўлган умумий эҳтиёж 11 545 ишчини ташкил қилади. 

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид