Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи арафасида икки мамлакат ҳукумат делегациялари музокаралар ўтказди
Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Бахит Торобаев бошчилигидаги ҳукумат делегациялари ўртасида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар бўлиб ўтди.
Олий даражадаги ташриф доирасида “Ўзбекистон-Қирғизистон” бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилган. Йиғилишда мазкур тадбирга тайёргарлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Унда икки мамлакатнинг кимё, тўқимачилик, энергетика, автомобилсозлик саноати, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳаларга ихтисослашган ишбилармон доираларининг 200 дан ортиқ етакчи вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Форум доирасида ялпи мажлис ва панел сессиялар, В2В шаклидаги учрашувлар ва музокаралар ўтказилади, улар натижасида 10 дан ортиқ икки томонлама битимлар ва инвестиция шартномалари имзоланиши режалаштирилган.
Музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётларининг рақобатдош устунликларини ишга солиш орқали саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда ўзбек ва қирғиз ишлаб чиқарувчилари ўртасида ўзаро боғлиқ қўшилган қиймат занжирларини яратишда муҳим воситага айланган Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти алоҳида муҳокама қилинди. Томонлар Жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, унинг доирасида режалаштирилган лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ қўшма чора-тадбирларни белгилаб олди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари, кимё ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди. Темирйўл ва автомобил йўналишларини диверсификация қилишни назарда тутган ҳолда транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари таҳлил қилинди. Энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни ошириш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, томонлар логистика, туризм, спорт инфратузилмасини ривожлантириш каби янги йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилди.
Мавзуга оид
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024