Жаҳон | 23:17 / 27.01.2023
19252
2 дақиқада ўқилади

Танкерлар Россиядан Европага нефт ташишда давом этмоқда — ОАВ 

Баъзи мамлакатлар санкциялар билан боғлиқ бўшлиқлардан фойдаланмоқда. 

Фото: Shutterstock

Декабр ойидан бери амалда бўлган эмбаргога қарамай, танкерлар Россия нефтини Европага ташишда давом этмоқда. Бу ҳақда Investigate Europe нашри ёзди. 

Қайд этилишича, Россия нефтини Европага етказиб беришга қўйилган тақиқ 5 декабрдан кучга кирган бўлишига қарамай, Европа танкерлари Россия нефти билан юзлаб қатновларни амалга оширган, улардан камида юзтаси Европа портларига борган. 

Ушбу танкерларнинг аксарияти Греция компанияларига тегишли бўлса-да, Германия, Монако, Кипр, Дания, Норвегия ва Буюк Британия кемалари ҳам санкцияларни бузган. Ушбу қатновларнинг аксарияти Европа суғурта компаниялари томонидан суғурталанган. 

Шу билан бирга, Европа санкциялари остида қолган Россиянинг «Совкомфлот» ҳолдинги БАА назорати остидаги компания орқали Европа билан денгиз савдосини амалга оширмоқда.

Журналистларнинг аниқлашича, Россия нефтини Европага етказиб бериш санкциялардаги кичик бўшлиқ туфайли давом этяпти. Тақиқ Россиядан ташқарида қазиб олинган, аммо Россия ҳудуди орқали транзит қилинадиган нефтга тааллуқли эмас. Масалан, Қозоғистон ўз нефтини худди шундай экспорт қилади. 

Нефт санкцияларини жорий этган Европа комиссияси журналистларга Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматлари ушбу чекловларга риоя этилишини назорат қилиши кераклигини айтди. 

«Санкцияларни қўллашнинг алоҳида ҳолатларини баҳолаш Еврокомиссия ваколатига кирмайди», деди ушбу тузилма вакили. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид