Жаҳон | 16:49 / 27.01.2023
25265
5 дақиқада ўқилади

Украинага навбатдаги зарбалар оқибатлари ва Лимандаги ҳаёт. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 337-куни ўтди. Асосий маълумотлар: 

  • 26 январга ўтар кечаси ва эрта тонгда Россия Украина шаҳарларини ёппасига ўққа тутди. Украина қуролли кучларига кўра, Россия армияси 55 та ракета учирган, шундан 47 таси уриб туширилган. Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматига кўра, ҳужумлар оқибатида Украинанинг турли ҳудудларида 11 киши ҳалок бўлиб, яна 11 киши яраланган.
  • АҚШ «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясини трансмиллий жиноий ташкилот деб эълон қилди, шунингдек ХҲК ва унинг раҳбари Евгений Пригожин билан алоқадор шахсларга янги санкциялар жорий этди.
  • Ёзувчи Захар Прилепин «Росгвардия» билан шартнома тузди, у Украинага жанг қилиш учун жўнаб кетган. Прилепиннинг вакиллари аниқлик киритишича, у муқаддам ОМОНда хизмат қилгани (2016 йилдан буён «Росгвардия» таркибида) учун айнан шу идорани танлаган.
  • Халқаро атом энергетикаси агентлиги инспекторлари Запорижжя АЭС атрофида саккиз марта кучли портлаш рўй берганини айтиб беришди. Инспекторлар сўнгги ҳафталарда деярли ҳар куни шундай ҳолатлар ҳақида хабар қилишмоқда. «Росэнергоатом» бош директори маслаҳатчиси Ренат Карчаанинг маълум қилишича, портлашлар атом станцияси ҳудудида бўлмаган: «Артиллерия ишламоқда, аммо анча нарироқда».
  • Франция ташқи ишлар вазири Катрин Колонна Одессага ташриф буюрди ва ядро объектлари хавфсизлиги учун зарур бўлган ресурслар етказиб берилишини маълум қилди.

Украина шаҳарлари ўққа тутилиши

26 январ куни Россия яна бир бор Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган. Украина нашрлари Киев, Днипропетровск, Одесса, Миколайив, Житомир ва Винница областларидаги портлашлар ҳақида хабар берган. Айрим регионларда — хусусан, Киев шаҳри, Кривий Риҳ, Киев, Одесса, Кировоград ва Днипропетровск областларида — электр энергияси олдиндан ўчирилган.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизматига кўра, ракета зарбалари оқибатида 11 киши ҳалок бўлган ва яна шунча киши яраланган.

Киевда ракета зарбалари вақтида метро бекатларидан бирига тушиб яширинган аҳоли вакиллари
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Киевликлар ҳаво тревогаси чоғида метро эскалатори зиналарида
Viacheslav Ratynskyi / Reuters / Scanpix / LETA
Киевда россияликлар ракетаси тушган жойлардан бирида турган киши
Daniel Cole / AP / Scanpix / LETA
Киевлик қутқарувчилар россияликлар зарбасидан ҳалок бўлганлардан бирининг жасадини олиб кетишмоқда
Sergey Dolzhenko / EPA / Scanpix / LETA
Киев областининг Глеваха посёлкасида яшовчилардан бири ракета зарбасидан ҳосил бўлган ўра ёнидан ўтмоқда. Глеваха Киевдан 25 километр жануби-ғарбда жойлашган
Roman Hrytsyna / AP / Scanpix / LETA
Глевахаликлар ракета зарбасидан вайрон бўлган бинони тозалашмоқда
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Фронт яқинидаги Лиман шаҳри ҳаёти

Лиман — Донецк областида Украина назоратидаги Краматорск шаҳридан 40 километр масофада жойлашган шаҳар бўлиб, минтақада стратегик муҳим темирйўл тугуни ҳисобланади — шаҳар 2022 йил майида Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олинганди. Октябр ойида украин ҳарбийларининг қарши ҳужуми давомида озод этилди. Жанглар ва оккупация вақтида шаҳар жиддий жабрланган — легитим мэр Олександр Журавлёвга кўра, шаҳардаги биноларнинг 80–90 фоизи вайрон бўлган ёки шикастланган. Лиман маркази орқали ўтган темирйўллар ҳамон тикланмаган.

Украина қуролли кучлари Бош штабининг 25 январ кунги сводкасида Россия қўшини Лиман йўналишида юриш бошлагани, аммо Украина армияси ҳужумларни муваффақият билан қайтараётгани айтилган.

BBC нашрининг 23 январ куни эълон қилинган репортажида шаҳарда 13 минг атрофида тинч аҳоли вакиллари қолгани маълум қилинган.

Лимандаги темирйўлда вайрон бўлган поезд вагони
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Лиманлик аёл отишмалардан шикастланган кўп квартирали уйга кирмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Кўчада ракета тушишидан ҳосил бўлган ўрани ёпиш учун қўйилган Владимир Ленин бюсти олдидан ўтиб кетаётган лиманликлар
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Лиманлик Сергей ўтин ортилган аравани судраб кетмоқда
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA
Украинлар ҳарбий техникаси Лимандаги кўчалардан бирида
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Мавзуга оид