Жамият | 08:31 / 29.01.2023
19588
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда савдо растаси ва банкомат ёниб кетди

Мазкур ёнғин жойида катта кучланишли электр токи борлиги сабабли ёнғинга сув беришнинг имкони бўлмаган.

Фото: Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

27 январ куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Шу куни соат 23:58 да Қарши шаҳар ФВБга «Хўжахиёл» МФЙ Қарлиқбоғот кўчасида ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Ёнғин содир бўлган манзилга 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси 00:05 да етиб борган ва соат тахминан 00:33 ларда ёнғин тўлиқ ўчирилган.

Ёнғиндан фуқаро Х.Б.га тегишли енгил типда қурилган кичик ҳажмли савдо (савдо дўкони эмас) растасининг 6 метр квадрат ва унга ёндош «Қишлоққурилишбанк»га тегишли бўлган банкомат (нақд пул ечиш учун мўлжалланган хона) қурилмасининг 4 метр квадрат майдон қисми зарар кўрган.

Фото: Қашқадарё вилояти ФВБ
Фото: Қашқадарё вилояти ФВБ

ФВБнинг қўшимча қилишича, мазкур ёнғин жойида катта кучланишли электр токи борлиги сабабли ёнғинга сув беришнинг имкони бўлмаган. Шунга қарамай, қутқарувчилар сув беришга уринган, оқибатда мавжуд электр токи қутқарувчиларга ўз таъсирини кўрсатган.

Ушбу манзилдан ўтувчи электр линиясини асосий тармоқдан узиш учун электр мутахассислари томонидан қарийб 30 дақиқа вақт сарфланган. 

Ёнғиндан ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Ҳозирда ёнғин сабаби  ва зарари аниқланмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид