Ўзбекистонга нам ва илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутиляпти
Бугун республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кун ўртасига келиб 7-10 даража илиққача кўтарилади.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага Ўзбекистон ҳудудига Ўрта Ер денгизи ҳудудларидан нам ва деярли илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда, бунинг натижасида республика бўйича ҳафта давомида беқарор об-ҳаво бўлади.
1 февралдан 3 февралгача Ўзбекистон бўйича вақти-вақти билан ёғингарчилик, асосан ёмғир кўринишида бўлади, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятларида 1-2 февралда баъзи жойларда кучли бўлади. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) кузатилади,1-2 февралда кучли бўлади.
31 январь ва 1-2 февраль кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. 1-2 февралда Навоий, Самарқанд, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида шамол 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати ҳафта давомида меъёр атрофида бўлади ва кечалари 1 даража совуқ-4 даража илиқни, кундуз кунлари 5-10 даража илиқни ташкил этади.
Пойтахтда бугун ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 7-9 даража илиқ бўлади.
Эртага, 31 январь куни бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Шамол 7-12 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 0-2 даража илиқ, кундузи 7-9 даража илиқ бўлади.
1-2 февралда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол тезлиги 12-17 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечалари 2-5 даража илиқ, кундуз кунлари 5-10 даража илиқ бўлади.