Таълим жуда секин ўзгараётган соҳа бўлишига қарамай, охирги йилларда бу соҳада айрим ўзгаришларни кўриш мумкин. Бу ҳақда бир неча йиллардан бери Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаб келаётган ўқитувчилар фикри билан қизиқдик.
Биз суҳбатлашган устозларнинг кўпи мактаб таълимида охирги йилларда бўлган энг катта ўзгариш сифатида kundalik.com платформаси ишга тушгани ва шу сабаб қоғоз журнал, кундаликлардан воз кечилгани бўлганини айтмоқда. Қолаверса, ўқитувчилар мактабларда мажбурий меҳнат бекор қилингани ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашига кўпроқ вақт қолдиряпти деган фикрда.
Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги 178-мактаб ўқитувчиси Раъно Тожибоева:
– Мактаб таълими рақамлаштиришга ўтилгани ўқитувчилар учун жуда катта енгиллик бўлди. Тўғри бу соҳада ишламаган одам бунинг қанчалик муҳимлигини билмаслиги мумкин. Лекин шу ўзгариш биздаги қоғозбозликни 70 фоизгача қисқартириб юборди. erp.maktab.uz деган платформа ишлаб чиқилгани рақамлаштиришдаги энг асосий воқеа бўлди. Бунда вилоятга кетадиган ёки вилоятдан Тошкентга келадиган ўқувчиларнинг келиш-кетиш талонлари онлайн жойлаштирилган бўлади. Олдин шу талонларнинг қоғоз вариантини олиб келиб юриш керак эди. Ва буни 3-4 кун кутиш керак бўлар эди. Ҳозир бу бир неча сония ичида ҳал бўлади. Ёки олдинлари аттестатингиз йўқолиб қолса, мактабга келиб, архивдан топиб қайта тиклашингиз керак эди. Ҳозир шуни ҳам онлайн олиш имкони бор. Бундан ташқари, тоифа олиш тизими ҳам қулай ва тезлашди. Олдинлари олий тоифа учун 15 йил ҳаракат қилиш керак эди, ҳар 5 йилда навбатга қўйиларди. Ҳозир навбатдан ташқари пулни тўлаб туриб, тоифа олиш йўлга қўйилди. 1,5 йилда ўқитувчи олий тоифага эга бўла оляпти. Педагог ходимлар тоифасини 1 йилда 2 марта ошириш имконига эга бўлди.
Бекзод Яхшибоев, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани 13-мактабнинг тарих ўқитувчиси:
– Мен ишлайдиган мактаб Деҳқонобод туманидаги Бойқўрғон қишлоғида жойлашган. Мактабимиз марказдан анча узоқ, жами 500га яқин ўқувчи бор. Илгари ўзимиз бош бўлиб мактаб ўқувчиларини пахта далаларига олиб чиқардик. Эрталаб 8да уйдан чиқиб кетиб, кеч 6-7да қайтардик. Жуда чарчаганимиздан дарс ҳақида ўйлолмасдик ҳам.
2 ойлаб тинимсиз пахтага чиқиб кетардик. Ҳатто болаларга кунлик норма ҳам қўйиларди. Уйларидан 10 километр масофагача олиб кетган вақтларимиз ҳам бўлган. Овқат, сув танқис. Пахта терган қўлларимизни ювишга сув ҳам тополмаган вақтларимиз бўлган. Ўқувчилар кичкина жуссасида 30-40-50 килоли қопларни кўтариб чиқарди даладан. Бундай ҳолатда ўқиш ҳақида қандай ўйлаш мумкин? Хуллас, 9 ойлик таълимнинг 2 ойини далаларда яшардик. Мана ўқитувчи ва ўқувчиларсиз ҳам пахта терса пахта бўлар экан-ку. Ҳозир бу ҳақда гапиришни ҳам истамайман.

















