Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ҳамкорликда ишлаш кўникмаси тикланиши керак, кооперативлар бунга хизмат қилади” — агроэкспертлар билан суҳбат
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари – дунё бўйлаб кенг қўлланадиган хўжалик шакли. Бу шаклни қўллаш керакми-йўқми деган савол ривожланган жамиятларнинг кун тартибида йўқ. Иккита тадбиркор-деҳқон нимададир ҳамкорлик қилишни истаётган бўлса, четдан туриб бошқа кимдир “бу ишларинг маъқул” ё “маъқулмас” дейишининг ўзи ўта ғалати.
Kun.uz қишлоқ хўжалиги кооперативлари бугуни ва эртаси ҳақида соҳа мутахассислари билан суҳбат қурди.
Шокир Шарипов (мухбир): 2022 йилда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кооперативлари пайдо бўлди. Катта янгилик биз учун, негаки, ўтган асрдаги октябр инқилобидан бери деҳқонларимиз мустақил эмас. 1991 йилда давлат мустақилликка эришди, лекин деҳқонлар эмас. Янги маъмурият даврида, яъни 2016 йилдан бошлаб ислоҳ қилишга киришилди ва баъзи ишлар қилинди. Бу ишларнинг самараси ўлароқ энг асосийси деҳқонлар ҳақ-ҳуқуқларини таний бошлади. Айнан ҳақ-ҳуқуқларни билиш ривожланишга олиб келади. Ва айнан ҳуқуқларни таниш қишлоқ хўжалиги кооперативлари юзага келишига омил бўляпти – деҳқонлар кўнгилли равишда бирлаша бошлади. Аммо афсуски, бу жараёнга қаршиликлар бўляпти.
Аввало бир саволга жавоб берайлик: фермерларни қишлоқ хўжалиги кооперативларига бирлашишга нима мажбур қилади?
Мансуржон Расулов (USAIDʼда агробизнес лойиҳасини ривожлантириш бўйича мутахассис): Қисқа қилиб айтганда, имкониятларни кенгайтириш. Бу дегани янги бозорларга чиқиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг нархини белгилаш. Нарх белгилаш деганда, маълум бир сотиб олувчи компания белгилаётган нарх эмас, ишлаб чиқарувчилар белгилаган нархда сотиш имконияти юзага келади. Бу фақат бир томони, имкониятлари кўп.
Камолиддин Икромов (“Агробизес ассоциацияси” жамоат ташкилоти раҳбари): Ҳозирги воқеликдан келиб чиқадиган бўлсак, фермерлар бирлашса, биржадан ёқилғи ва ўғитларни арзон олиш имкониятига эга бўлади, юрист, бухгалтер – ҳаммаси арзонга тушади. Уларда танлов имкониятлари ҳам юзага келади. Эркин бирлашишади ва эркин ҳаракат қилишади. Маҳсулотларини биржага олиб чиқиб, ўзлари сотишади.
Абдувоҳид Якубов (ҳуқуқшунос, тадбиркор, фермер): Техника масаласида ҳам имкониятлар пайдо бўлади. Ҳозирда қишлоқ хўжалиги техникалари бир неча млрд сўм туради. Бир кишининг сотиб олиш ва гаров имкониятлари етмайди, лекин кўпчиликники етади. Бошқа томонлари ҳам бор. Дейлик, ҳар битта фермер алоҳида ҳисобчи олиши шарт бўлмайди ёки чет эллик инвестор жалб қилишда ҳам кооперативларнинг имконияти ошади.
К.Икромов: Дейлик, мева-сабзавотчилик билан шуғулланувчи фермерлар бўлса, бирлашиб музлаткичлар қуриши мумкин. Албатта, бир кишига моддий томондан оғирлик қилади бу. Бу билан маҳсулот нархи ошган пайтда сотиш ва экспорт имконияти пайдо бўлади уларда. Дейлик, юқорида айтилгандек, ўғит ёки ёқилғини бир нечта фермер бирлашиб биржадан олса, арзонга тушади. Бир ўзи бўлса, тадбиркордан олишига тўғри келади ва ортиқча маблағ сарфлайди.
М.Расулов: Ҳар йили дуч келамиз: қайсидир экинни меъёридан кўп экиб юборган бўлади фермер. Йиғим-терим пайтида кўплиги маълум бўлиб, сота олишмайди ортиғини. Бозор эҳтиёжи ўрганилмагани учун фермерлар айбдорга чиқиб қоляпти. Аммо фермер етиштирувчи, бозорни ўрганиш учун маркетолог керак. Унинг эса ойлик маоши катта бўлади – битта фермер учун маркетолог ёллаш қимматга тушади. Лекин кооперативга бу қийин бўлмайди. Умуман, демоқчиманки, ҳар хил қийинчиликлар бўлади, уларни енгиб, инқироздан чиқиб кетиш учун ресурслар кўп бўлиши лозим. Фақатгина кооператив бўлиб бунга эришиш мумкин.
А.Якубов: Рақобат кучайяпти. Рақобат бозорида бирлашув, билим ва информация катта рол ўйнайди. Фермернинг вақти йўқ информация ўрганиб ўтиришга, унинг иши бошқа. Шунинг учун кооператив керак бўлади бу ерда.
К.Икромов: Четдаги харидорлар катта миқдорда маҳсулот олади. Лекин кўп миқдордаги маҳсулотни бир киши ёки бир неча киши етказиб беролмайди. Бу ерда ҳам кооператив керак бўлади. Кооператив даромадни ҳам сақлаб беради. Агар музлаткичда маҳсулот сақловчи тадбиркор фермердан маҳсулотларни олса, арзон пайти олади ва фермернинг даромади кўп бўлмайди. Аммо кооперативга бирлашган деҳқонлар ўзига маҳсулотни сақлаш имкониятини яратиши мумкин. Кооперативлар кўпайса, давлат ялпи ички маҳсулот статистикасини тўғри олишда қийналмайди. Ҳар бир деҳқондан маълумот олиб чиқиш имконсиз, лекин кооперативлардан имкони бор. Статистик маълумотлар орқали маълумот алмашинув бўлади ва фермерлар йўқотишларга дуч келмайди.
Бундан ташқари янги қонун лойиҳасида кооперативларнинг ички интеграцияси бор. Яъни пирамида шаклида бирлашади барча кооперативлар: туман, вилоят ва республика кесимида бирлашади. Бирлашган ҳолда мамлакатни иқтисодий жиҳатдан юқорига кўтариш имконияти бор, буни Япония, Германия мисолида кўриш мумкин.
Кооперативлар демократик принципда бошқарилади, яъни қарор қабул қилинаётганда аъзолар овози ҳисобга олинади. Агар кооперативда маҳсулотлар зарарига сотилса, ўша зарар ҳам тенг тақсимланади. Шунинг учун ҳам банкротликка олиб келмайди бундай ҳолатлар. Масалан, Германияда 200 йилдан ошиқ вақт давомида кооперативлар ишлаб келаётган бўлса, бирортаси банкрот бўлмаган.
Ш.Шарипов: Кооперативлар ҳаракатига нисбатан салбий фикрлар, эътирозлар ҳам бор. Яқинда бир кластер раҳбаридан интервью олганимда, бу нарсани “утопия”, яъни хомхаёл деди. Бу билан “одамларимиз келишиб ишлай олмайди”, деган даъво илгари суриляпти. Мен шахсан буни халқимизга нисбатан ҳақорат деб ҳисоблайман. Аммо қаердан келиб чиқди бу кайфият?
К.Икромов: Кооперативларни “утопия” дейиш ўзбек халқи тарихига нисбатан ҳам ҳақорат. Чунки милоддан аввалги 4-асрда ҳам кооперативларнинг тарихий кўриниши борлиги ҳақида маълумотлар бор. Улар бирга ишлаб, маҳсулотларни ҳам бирга сотишган.
Ш.Шарипов: Кооперативларга бирлашиш секинлик билан бўладиган жараён. Албатта, бунда салбий ҳолатлар ҳам бўлади. Лекин салбий ҳолатлар сабаб жараёнга чек қўйиш мутлақо хато.
К.Икромов: Ҳозирги мавжуд қонунларга асосан қишлоқ хўжалиги кооперативини бошқа шаклда тузиб қўйиш мумкин, чунки фақат фермерлардан ташкил топсин деган жойи йўқ. Лекин янги қонун лойиҳасида қатъий – фақат фермерлардан ташкил топиши ва камида еттита аъзо бўлиши белгилаб қўйилган. Интеграцион кооперативда эса камида иккита кооператив бирлашади ва у ерда кластерлар ҳам аъзо бўлиб кириши мумкин.
А.Якубов: Қонун-қоидалар йўқлиги ҳам бирлашиш имконсиз деган фикрга келишга сабаб бўляпти. Фермерларда саволлар кўп бу борада, жавоб олиш учун эса тезроқ қонун лойиҳаси қабул қилиниши керак. Энг кўп бериладиган саволлардан бири фермерлар турли миқдорда маҳсулот топширади ва унинг фойдаси қандай тақсимланади? Янги қонунда топширган маҳсулотидан келиб чиқиб фойдадан улуш олиши тўғрисида ёзилган бандини кўрмадим мен. Бу нарсани аниқлаштириш керак.
К.Икромов: Фермер ва кооператив ўртасида олди-берди шартномаси бўлади ва ўша шартнома асосида маҳсулот миқдорига яраша пул олади. Ихтиёрий ва адолатли тарзда ишлайди кооператив. Устав қабул қилинаётганда ҳам белгилаб олинади тартиб-қоидалар.
Ш.Шарипов: “Кооператив нима учун керак, кластер бор-ку”, деган эътирозлар ҳам пайдо бўлиши мумкин. Кластер ва кооператив ўртасидаги фарқлар ҳақида гаплашсак.
М.Расулов: Кластер жаҳондаги тушунча бўйича бир нечта ишлаб чиқарувчилар қўшилган қиймат занжири доирасида олиб борадиган фаолият тури. Бизда эса бир киши эгалик қилиши керак. Кластер тизими якка фермерликдан кооператив тизимга ўтиш жараёнидаги кўприк вазифасини ўташи кўзда тутилганди, аммо ўтиш даври чўзилиб кетди... Кутилган натижани ҳам таъминлаб беролмади. Фермер пахтасини топширяпти, аммо кўп фермерлар баҳоргача ҳам пулини ололмаяпти. Кооперативлар эса бемалол – хоҳлаган жойга сотиши мумкин пахтани. Танлов имкони ва рақобат бўлиши керак. Ҳозир эса фақат кластерларга бириктириляпти, танлов имкони йўқ фермерларда.
Ш.Шарипов: Яна бир савол: кластерлар юзага келаётганда нечта бозор иқтисодиёти тамойили бузилди?
М.Расулов: Ҳаммаси бузилди десак, тўғри бўлади. Чунки бозор иқтисодиётида энг асосийси – таклиф ва талаб. Бизда эса давлат кластерларга бўлиб берди фермерларни. Натижада қайсидир кластер етарли маҳсулот ололмади, қайсидири ишламади, фермерга пулини ҳам беролмади. 5 фоизлик кредитлар берилди кластерларга, фермерларга берилмади, “ўзим ҳам қила оламан” деган фермерга ҳам берилмади. Оқибатда кластерлар маҳаллий монополияларга айланди.
Ш.Шарипов: —Мажбурий бириктириш бозор иқтисодиёти тамойилларига мутлақо зид. Тадбиркорлик юзага келиши учун майдон яратилади, ҳуқуқий кафолатлар бўлади, тенглик, антимонополия ташкилоти назорати ва ҳоказо. Бундай муҳит яратилгач, у ерга инвестор келади.
М.Расулов: Бундай муҳит яратилгандан сўнг рақобат пайдо бўлади. Рақобат натижасида соҳа ривожланади. Инвестор бирон жойга келиш учун қонун-қоидаларни сўрайди, ўрганади, бизда эса ўша қоидаларни тушунтириб беролмайди ҳеч ким, чунки ўзимиз ҳам тушунмаймиз. Шаффофлик йўқлиги учун кўплаб инвесторлар қайтиб кетмоқда.
131 та кластер бор пахтани қайта ишлаш бўйича. Уларга фермерлар бириктирилган. Лекин танлов имконияти берилса, бу кластерлар кескин камайиб кетади, чунки ўша кластерларнинг кўпчилигида куч етарли эмас. Танлов имкони берилгач, банкрот бўлган кластерлар бозордан чиқиб кетади ва ўз активларини кооперативларга ёки бошқа бир кластерга сотади.
Кооперативларда аъзолар бир-бирига рақобатчи бўлмайди, улар биргаликда иш олиб боради ва имкониятлари кенгаяди.
К.Икромов: Кластер тизими айни ўзгариш бўлган пайтда тўғри ғоя бўлган, ўша пайтда қишлоқ хўжалиги турғун ҳолатга келиб қолган эди, ташқи бозорларга чиқиш чекланган эди. Бундан чиқиш йўли деб эса кластер тизими таклиф қилинган эди. Аслида, юқорида айтилгандек, бир неча ишлаб чиқарувчиларнинг бирикиши бўлиши керак эди. Аммо биздаги ҳар бир нарсани монополия айлантириш анъанаси ғолиб келди, якка шахсларга ўтиб қолди кластерлар. Техникалар кириши, заводлар қурилиши бир тарафдан яхши бўлди, лекин фермерларни бириктириш ҳеч қайси қонун-қоидага тўғри келмайди. Фермерларга эркинлик берилиши керак, яъни кластерларни танласин ёки маҳсулотини биржада сотсин. Кластерларга кооперативларни рақобатчи қилиб қўядиган бўлсак, рақобат муҳити шаклланади, бу катта фойда келтиради. Кластер тизими ҳам турғун ҳолатга келиб қолди. Уларга имтиёзли кредитлар бериляпти, нега шу пайтгача ўз маблағи ҳосил бўлмайди? Чунки рақобат йўқ. Кооператив тизимини киритсак, рақобат натижасида кластерлар ҳам кучаяди, ҳамкорлик ҳам шаклланади.
Кластерлар якка шахслар томонидан бошқарилади, бунда хато қилиш эҳтимоли ортади. Кооперативларда эса кўпчилик бўлиб қарорлар қабул қилинади, назорат кучли бўлади. Умуман олганда, кластерлар ҳам коррупцион муҳитдан зарар кўряпти.
Кооперативларнинг ўзида қайта ишлаш имконияти йўқ бўлса, кластерлар билан ишлайди. Ўзбекистонда ҳозирги кунда етиштирилаётган пахтанинг 60 фоизидан кўпини дастлабки қайта ишлаш имконияти бор, бу дегани четдан ҳам олиб кириш мумкин. Ип-калава заводларининг имконияти ҳам 120 фоиз, етиштирилаётган пахтага нисбатан. Кооперативлар ўша заводларни ижарага олиши ёки сотиб олиши мумкин. Яъни кооперативлар учун ишлаб чиқаришда муаммо йўқ.
Умуман, бозор механизмлари ишласа, пахтачилик, ғаллачилик ва бошқалар ўз йўлини топиб олади. Кооперативлар ташкил қилиш масаласи келиб чиқишига сабаб 2020 йилдаги қарорда кластерлар бўлмаган ҳудудда пахтачилик кооперативлари ташкил қилиш кераклиги белгилаб берилган. Ўша пайтда тузилган 11 та кооператив яхши фойда қилган. Шу қарорга асосланиб, кластер бор ҳудудда кооператив ташкил қилиш мумкинмас дейишади баъзи маъмурий идоралар, ҳокимликлар. Лекин бу нотўғри, тақиқлаш тўғрисида гап йўқ қонунда, шарҳларда ҳам айтилган. Кооперативлар пахтачилик ва ғаллачилик пайдо бўлаётганига сабаб нахларда муаммо бор, фойда қилиш қийин бўляпти.
Кластерларнинг олиб келган техникалари, фермерлардан айрилиши масаласи катта муаммо эмас. Чунки тола экспортига чеклов бор барибир, четга чиқиб кетмайди. Шунинг учун бу борада кластерлар ишлаши мумкин ёки техникасини сотиши, ёки бўлмасам кооперативлар билан ҳамкорликда ишлаши мумкин. Ўзбекистонда техника муаммо ҳозирда, шунинг учун ҳеч қачон уларнинг техникалари кераксиз бўлиб қолмайди. Бизда тола етишмаслиги ҳам бор, лекин фермерларни рағбатлантириш эвазига етмаётган пахтани ҳам ўзимизда етиштириш мумкин. Қорақалпоғистон ва Фарғонадаги кооперативларда фермерлар жуда яхши натижа кўрсатишди пахтачиликда. Яъни ўзи учун ишлагани сабабли бўлди бу.
М.Расулев: Кластер тўхтатилса, пахта экилмай қолади, деган гаплар ҳам бўлади. Ундай эмас – пахта фақат манфаат бўлмаганда экилмайди. Кооперативлар тизими жорий қилинса, манфаатдорлик даражаси ошиб боради. Фермерда танлов имкони бўлса, у ишлай бошлайди. Ва биз пахта майдонларини кўпайтиришимиз эмас, унумдорликни оширишимиз керак. Бунинг йўли эса манфаатдорликни ошириш. Бунинг учун эса кластер тизимига алтернатив тизим яратиш керак. Шунда кластерлар ҳам, кооперативлар ҳам ривожланади. Умуман соҳа ривожланади.
К.Икромов: Пахтанинг ҳар доим харидори бор – экилади. Ишлаб чиқариш қуввати ошиғи билан мавжуд.
А.Якубов: Агар фермерлар кооператив доирасида пахтани қайта ишласа, уларга ўша пахтанинг чигитидан олинадиган ем маҳсулотлари қайтариб берилади. Ўз-ўзидан фермерда чорва молларини боқишга имконият туғилади, бозорларда гўшт, сут маҳсулотларининг нархи кўтарилмаслиги ёки пасайишига олиб келади. Чорва кўпайгач, минерал ўғитлар кўпаяди, даланинг ҳолати яхшиланади.
К.Икромов: Масалан, ўнта фермер кооперативга бирлашди дейлик. Қайсидир фермер ғалла, қайсидир фермер пахта экади. Кимнингдир кучсиз ери бўш қолса, ўша ерга чорва моллари учун беда экиши мумкин. Озуқа базаси бўлади. Алмаштириб экиш ҳосилдорликни орттиради. Кооперативга чорвадор фермерлар қўшилиши бошқа фермерларнинг ери ўғит билан таъминланишига олиб келади.
Ш.Шарипов: Нарх мавзуси бозор иқтисодиёти учун – “муқаддас”, яъни бозор иқтисодиётида нархни талаб-таклиф белгилайди, вазирлик ё бошқа эмас. Кооперативчилик ҳаракати бунга ёрдам беради.
М.Расулов: Энг тўғри йўл ўз биржамизни шакллантириш. Маҳаллий биржа шаклланиши учун эса бизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз биржа орқали ишлаш имкониятига эга бўлиши керак. Қайта ишланган маҳсулотнинг ҳам, бирламчи маҳсулотнинг ҳам биржа орқали нархи белгиланиши керак. Ҳукуматга ҳам осон бўлади. Ҳозир эса ҳар йили вазирлик нарх белгилаш масаласини кўради.
К.Икромов: Ҳамма фермер кластерни ташлаб, кооперативларга ўтиб кетадими, деган қўрқув ҳам бор. Ундай бўлмайди. Кооперативда келишиб ишлаш керак бўлади, лекин ҳамма бундай ишлай олмайди ва кластерлар билан ишлайверади.
Ш.Шарипов: Энг муҳими, бу нарса кластерларни ҳаракатга келтиради. Фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини бузмасликка ҳаракат ундайди. Катта кластер эгаларининг фермерларга муносабати ҳақида бизга кўп маълумот келади. Биз улардан ҳайратга тушамиз. Бу нарса ижтимоий тарангликни кучайтиради.
К.Икромов: Ҳа, ҳозир вазият таранг. Кооперативлар шаклланиши икки тизимга ҳам (кластер, кооператив) фойда бўлади. Биргаликда ишлаш кўникмалари шаклланади.
Ш.Шарипов: Сув масаласи бор. Минтақамизда катта муаммо бу. Биламизки, муаммо негизида сув исрофи ётади қишлоқ хўжалигида эскича суғориш. Ечим – манфаат бўлсагина тежаш йўлга қўйилади.
К.Икромов: Чет элда сувни ҳам кооперативлар бошқаради. Сув етказиб берувчи ташкилотлардан сотиб олади улар. Ва кооперативдаги фермерларга тақсимланади. Агар сув сабабли зарар кўрилса, барча фермерлар бирдай зарар кўради. Шунинг учун тежаб ишлатишга ҳаракат қилишади.
Ш.Шарипов: Фақат иши юришганлардан ниманидир сўраш, талаб қилиш мумкин. Деҳқон ҳам шу – у эркин бўлса, иши юришса, сувни тежагани учун қандайдир субсидиялар берилса, ўшанда тежаш тизимлари йўлга қўйилади. Бошқа йўли йўқ.
К.Икромов: Ҳозир субсидиялар бериляпти, лекин бу ердаям коррупцион ҳолат бор. Монополист бўлган томчилаб суғориш системаси олиб кирувчи корхонадан олсангизгина субсидия берилади, мустақил ўзингиз олиб кирсангиз, субсидия ололмайсиз. Масалан, ўзимизда 20 млн бўлса, четдан 800 долларга олиш мумкин. Субсидия берилган ҳолатдан ҳам арзон тушади.
Фермерлар безиб қолди бундан. Биринчи босқичда монопол корхона олиб келиб ўрнатиб берди-да, ишлатишни ўргатмади. Иккинчи босқичда шунчаки олиб келиб беришди, ўрнатишмади ҳам. Биринчи ўринда бу тизимнинг илмини бериш ва бозорни очиб бериши керак эди.
Ш.Шарипов: Бироз фикрингизга қўшилмайман – манфаатдор бўлгандан кейин фермерларнинг ўзлари изланади.
А.Якубов: Томчилаб суғориш тизими қачонки биз айтаётган ислоҳот амалга ошса, амалга кириши мумкин. Фермер ўзи хоҳлаган экинини экса, хоҳлаган одамга сотса, ўшанда томчилаб суғоришдан манфаатдор бўлади. Эрксиз фермер буни жорий қилмайди.
К.Икромов: Фермерларга нима тавсия бера оламиз? Кооператив очишга қонуний жиҳатдан ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Биргина имтиёзли кредит олиш борасида муаммо бўлиши мумкин. Лекин бу муаммони ҳам ечиб берамиз, дейишяпти. Ғаллачиликда бу борада муаммо йўқ, фақат пахтачиликда бор. Агар эркинликлар берилса, пахтачиликда фермер ҳеч қачон зарарга кирмайди, чунки доим сотиб олувчи бор. Эркинлик берилса, Ўзбекистон пахтачиликдан чиқиб кетади, деган фикр хато.
Юқорида айтилгандек, ўғитларни ҳам кооператив тарзида улгуржи сотиб олса, арзон тушади. Кластерлардан олишда эса қонунан белгилаб қўйилган тарзда устига нарх қўйилган ҳолда сотиб олади. Шунинг учун эҳтиёт шарт бўлса ҳам, кооперативларни очиб, ишлатиб қўйиш керак. Кластерлар банкрот бўлиши ҳолати бор, ўшандай ҳолатда кооператив орқали муаммоларини ҳал қилиш мумкин.
А.Якубов: Фермерлар кластерлар билан ишлашни давом эттирмоқчи бўлса ҳам, кооперативларга қўшилишни тавсия қиламан. Ҳеч бўлмаганда, бухгалтерия хизматлари, ҳуқуқий хизматларни кўрсатиш учун ҳам кооперативларга бирлашса, яхши бўлади. Бирлашишдан қўрқмаслик керак.
Ш.Шарипов: Кўрсатувимизга якуний хулоса қилиб айтмоқчиманки, биз бир муаммога ечим топиш учун ўша муаммони бошимиздан ўтказиш одатини йўқотишимиз керак – бошқалар тажрибасига қараб муаммоларни олдиндан ҳал қилсак бўлади. “Велосипедни қайта ихтиро қилмасдан”, мутахассисларнинг фикри бўйича иш тутишимиз керак.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:46 / 19.06.2026
Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун 150 млн доллар ажратади
18:05 / 16.06.2026
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
09:06 / 03.06.2026
Ўзбекистон Афғонистонга қишлоқ хўжалиги уруғликларини беғараз етказиб берди
20:28 / 14.05.2026