Жаҳон | 20:11 / 01.02.2023
36766
10 дақиқада ўқилади

Исроил жим, Украина мамнун. Эрон ҳарбий объектларига зарбалар нимага ишора қилади?

Эрон стратегик объектларига дронлар ҳужумидан кейинги учинчи кун ўтмоқда, аммо жаҳон матбуоти ҳамон ижрочи кимлигини қидириш билан банд. Зарбалардан мақсад аниқ бўлганидан келиб чиққан ҳолда халқаро ҳамжамият Исроил томон юзланмоқда. Исроилнинг ўзи эса бу ҳодисага ҳеч қандай изоҳ бермади.

Фото: Reuters

Бу давлат нега сукут сақламоқда, ушбу давлатни зарбаларга алоқадор деб ҳисоблаш учун қандай сабаблар бор ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?

29 январга ўтар кечаси Эрон марказидаги Исфаҳон вилоятида ўқ-дори ишлаб чиқариладиган завод, Шарқий Озарбойжон вилоятидаги мотор мойи ишлаб чиқариладиган йирик завод ҳамда мамлакат ғарбидаги Дизфул авиабазасига зарбалар берилди.

Теҳрондагилар учта ҳужумдан иккитаси қайтарилгани, учинчи дрон эса бино томига қисман шикаст етказганига ишонтирмоқчи бўлди. Аммо ижтимоий тармоқларда мой заводи ёнаётгани акс этган видеолар тарқалган, гувоҳлар ҳам авиабазадаги портлашларни тасдиқлашган.

Исроил нашрлари эса, Эрон ҳукумати баёнотига зид ўлароқ, барча зарбалар нишонга бориб теккани ҳақида ёзишди. Аммо буни Исроил бу ҳужумларга алоқадорлигини билвосита бўлса ҳам тан олиши деб ҳисоблаб бўлмайди, чунки журналистлар Ғарб махсус хизматларидаги манбаларига таяниб хабар беришган.

«Бундай вазиятларда сукут сақлаш – Исроилга кўп йиллардан буён хос бўлган амалиёт. Улар Эронга ҳужум уёқда турсин, Сурияга авиазарбалар йўллаганида ҳам масъулиятни зиммасига олмайди. Бу жимликдан бу ҳужум ортида Исроил турган-турмагани тўғрисида хулоса чиқариб бўлмайди», дейди исроиллик ҳарбий эксперт Давид Генделман BBC нашрига.

Аммо билвосита аломатларга асосланилган айрим хулосалар юзага чиқмоқда.

Тасодифлар занжири

New York Times нашри аноним манбага асосланган ҳолда Исроил ва АҚШ Эронга тунда зарба йўллашни муҳокама қилгани ва ҳужумлар ортида Исроилнинг махсус разведка хизмати «Моссад» турган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Америка матбуоти тасодифлар занжирига эътибор қаратган.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен шу кунларда Исроилга келди. Фотода Блинкен ва Исроилнинг янги ташқи ишлар вазири Эли Коэн
Фото: AMIR LEVY

Ўтган ҳафтада Исроилга МРБ директори Уильям Бёрнс келганди, якшанбага ўтар кечаси Эрон ҳарбий объектларига зарбалар берилди, душанба куни кундузи эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқ бўйлаб турнеси доирасида Исроилга ташриф буюрди.

Вашингтон вакиллари АҚШнинг Эрон бўйлаб зарбаларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтиб баёнот беришга шошилишди. Ва агар зарбаларни ҳақиқатан Исроил берган деб ҳисобланса ҳам, бу ушбу мамлакатнинг ўз хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарори бўлади.

Исроилнинг аввалги бош вазири Нафтали Беннетт бир неча бор Эрон Исроилга қилган таҳдидлари ва ядровий қуролга эга бўлишга уринишлари учун жуда қиммат тўлов қилишидан огоҳлантирганди. Ўтган йил августида Беннет Исроил Эрон масаласига ҳамкорлар билан биргаликда дипломатик ечим топишни маъқул кўриши, аммо зарурат туғилганда ёлғиз ҳаракат қилишга тайёрлиги ҳақида очиқчасига гапирганди.

Беннет энди бош вазир эмас, аммо у белгилаган оҳанг Исроилнинг ҳар қандай ҳукумати давридаги тактикасига мос келади. Айниқса, кўп йиллар бош вазирлик қилган ва ўтган йил ноябрида яна ҳокимиятга қайтган Биньямин Нетаньяҳу даврида Исроил (2009-2021 йилларда) Эрон ҳудудида қатор дадил амалиётлар амалга оширган (буни ҳам расман тан олмаган).

«Исроилнинг умумий сиёсати – кўпроқ иш қилиш, камроқ гапириш. Бундай хатти-ҳаракатлардан ким манфаатдорлигини барча билиб туради, аммо Исроилнинг жимлигининг сабаби айнан шу. Акция - бошқа иш, расман олиш, АҚШнинг реакцияси ва ҳоказолар – бошқа иш», дейди Давид Генделман.

«Саккизоёқ доктринаси» ва кенг кўламли машғулотлар

Американинг 29 январга ўтар кечаси Эрон ҳарбий объектларига берилган зарбаларга реакцияси жуда ноодатий эди.

Парда ортидаги келишувларга кўра, кенг кўламли ҳужум рўй берган тақдирда, айниқса гап Эрон ва унинг ҳарбий салоҳияти ҳақида борганда, Исроил кўпинча ўз режалари ҳақида Вашингтонни бохабар қилади ёки ҳеч бўлмаганда акциядан кейин шундай амалиёт ўтказганини тасдиқлайди.

Бу ҳолда АҚШ ёки Оқ уй даражасида босиқлик билан бетараф баёнот беради ёки изоҳ беришдан ўзини тияди.

Ҳозирги ҳолатда эса жаҳон матбуоти аноним манбаларга ҳавола бераётгани ва бу манбалар мубҳам баёнотлар бераётгани Вашингтоннинг хабардорлик даражаси пастлигини кўрсатади.

Ўтган йил июнида Исроил ҳукумати Эрон масаласида «Саккизоёқ доктринаси» номли режани амалга оширишга ўтганини эълон қилганди, бу режа Исроилнинг бу масалада мустақил ҳаракат қилиш ҳуқуқини назарда тутади.

«Биз энди Эроннинг ишончли вакиллари ролини бажарадиган саккизоёқ оёқлари билан ўйнашмаймиз. Ўйиннинг янги қоидаларига кўра, биз тўғридан тўғри бошни нишонга оламиз», деганди мамлакатнинг ўша вақтдаги бош вазири Нафтали Беннетт.

Исроилнинг янги ҳукуматининг доктринани амалда сақлаб қолиш нияти бор-йўқлиги ҳозирча номаълум, аммо Нетаняҳу ҳукуматининг Эронга нисбатан бошқачароқ позиция танлаши учун ҳеч қандай шарт йўқ. Қолаверса, Теҳрон ва Москва ўртасида норасмий ҳарбий иттифоқ тузилгани туфайли Биби (Нетаняҳу) Владимир Путин билан аввалги илиқ муносабатларидан узоқлашишига тўғри келади ва катта эҳтимол билан нафақат Эрон билан муносабатларда, балки Эроннинг Суриядаги объектларига нисбатан ҳам қатъийроқ ҳаракат қилади.

Ўтган ҳафтада Исроил ва АҚШ ўртасида 7900 ҳарбий, 140 дона авиация воситалари ҳамда 12 дона кема иштирокида биргаликдаги энг йирик ҳарбий машғулотларни ўтказди.

Исроилнинг Channel 12 канали мамлакат мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб, машғулотлардан бирида Эрон ядровий иншоотларини бомбардимон қилиш бўйича синов машқлари ўтказилгани ҳақида хабар берди, бунда Негев саҳросида шундай объектлар муляжи қурилган. Шу билан бирга, канал маълумотига кўра, машғулотлар Исроил авиацияси иштирокида эмас, америкаликларнинг В-52 русумли бомбардимончи самолётлари иштирокида кечган.

АҚШ қўмондонлиги машғулотларда муайян нишонга ҳужум режаси ишлаб чиқилганини тасдиқламади, аммо умуман олганда бу машғулотлар Эрон ва Хитойга аниқ сигналлар юборишга қаратилганини маълум қилди.

Ҳужум ташкилотчилиги бўйича бошқа версиялар

Яқин Шарқ минтақасида Эронга қарши амалиёт ўтказишга мотивлари ва назарий жиҳатдан имкониятлари мавжуд бўлган яна бир мамлакат – Саудия Арабистонидир.

Ҳарбий экспертлар назарий жиҳатдан ушбу давлат шундай зарба ортида туриши мумкинлигига қўшилади, аммо амалда - йўқ.

Саудия Арабистони бунга қадар бу каби акциялар ўтказгани қайд этилмаган ва логистиканинг мураккабликлари ва Саудия махсус хизматларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, бу давлат 29 январ кунги каби бенуқсон рейд амалга ошира олмаган бўларди.

«Бундай амалиёт чуқур разведкани талаб этади. Агар уларнинг дронлари чиндан ҳам Эрон ҳудудидан туриб ҳаракатлантирилган бўлса, уларни мамлакатга портловчи моддалар билан бирга етказиш керак бўлган. Бу ерда ёки маҳаллий ҳамкорлар ёки четга чиқарилган жосуслардан ёки ҳар иккисидан иборат бўлган ва нима қилишини яхши билган гуруҳ ишлаши керак эди», дея изоҳлайди Давид Генделман.

Шунингдек ОАВда америкалик ҳамкорлар Исроилдан Ғарбнинг Украинага ёрдам кампаниясини қўллаб-қувватлаб, Россия Украина ҳудудини ўққа тутишда фойдаланаётган Shahed дронлари ишлаб чиқариладиган объектларни ишдан чиқаришни сўрагани ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

Аммо мутахассислар бу версияни дарҳол инкор этишди.

Генделманнинг сўзларига кўра, Исроил давлати ва унинг Мудофаа армияси Украина манфаатларини ҳимоя қилишни мақсад қилмаган ва Украина учун кенг кўламли ҳаракатларга киришмайди. Шунчаки ҳозирги вақтда Эрон Исроил ва Украинанинг умумий душмани бўлиб қолди.

«Биз шунчаки ёқимлиликнинг фойдалилик билан мос келишини кузатамиз. Исроил Украинадаги уруш бошланишидан анча олдин, кўп йиллардан буён Эрон билан махфий уруш олиб бормоқда. Россияга қурол етказиб беришни бошлагунича ҳеч ким Эрон Россия-Украина мавзуси билан боғланиши мумкин деб ўйламаганди. Исроил фақат ўз оператив манфаатларини кўзлайди ва бу қандайдир тарзда Украинага ёрдам бериши мумкинлиги факти инобатга олинмайди. Аммо вазиятдан келиб чиқсак, исроилликларнинг Эрон ҳарбий салоҳиятига берилажак ҳар қандай зарбаси Украинага билвосита ёрдам демакдир», дея изоҳлайди эксперт.

Россия яқин вақтлар ичида Shahed дронларининг навбатдаги партияси етказиб берилишини кутаётганди, энди катта эҳтимол билан бу борада муаммо юзага келади.

Аммо ҳозир Исроилни Эрон томонидан эҳтимолий жавоб бўлиши кўпроқ ташвишлантиради – бу давлат ўз ҳарбий объектларига ҳужумлар ортида Исроил турганига амин – ҳолбуки, аслида бундай бўлиб чиқмаслиги ҳам мумкин.

«Исроил Мудофаа армияси яқин ва узоқ марраларда жанг қилишга тайёр бўлади, биз захираларимизни кучайтирамиз ва жанговар руҳ ҳамда профессионалликни сақлаб қоламиз», деганди январ ойи ўрталарида Исроил Мудофаа армияси бош штабининг янги бошлиғи Херци Ха-Леви лавозимга киришиш чоғида сўзлаган нутқида.

Исроилдагилар у узоқ марралар деганда Эрон ядровий объектларини назарда тутганига умид қилишмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид