Иқтисодиёт | 19:46 / 01.02.2023
32759
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин захираларини 34 тоннага оширди

Жаҳон олтин кенгаши таҳлилларига кўра, Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилни олтин сотувчи сифатида бошлаб, инқироз вақтида қимматбаҳо металлнинг нархи қимматлаши баробарида, йилни олтин сотиб олиш билан якунлаган. Қирғизистон ва Тожикистон ҳам олтин харидорлари сифатида қайд этилган. Қозоғистон эса йирик миқдорда олтин сотган.

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилда олтин захираларини 34 тоннага оширди. Бу Жаҳон олтин кенгаши (WGC) ҳисоботида қайд этилган.

Кенгаш 2022 йилда Марказий Осиёда харидларнинг соғлом даражаси кузатилганини қайд этган. Ўзбекистон йилни олтин сотувчи сифатида бошлаб, харидор сифатида якунлаган. Йил якунлари бўйича Ўзбекистоннинг олтин захиралари 34 тоннага ошди.

Қирғизистон (6 тонна) ва Тожикистон (4 тонна) ҳам асосий харидорлар бўлган.

Қозоғистон салмоқли миқдорда олтин сотди, унинг захиралари 51 тоннага камайиб, 352 тоннани (умумий захираларнинг 58 фоизи) ташкил этди.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги олтин экспорти

Ўзбекистон 2022 йилда 4,1 млрд долларлик олтин экспорт қилди. Бу рақамлар Статистика агентлиги маълумотларида акс этган. Жаҳон бозорида олтин нархлари пасайиши фонида Марказий банк март-октябр ойлари давомида қимматбаҳо металл экспортини амалга оширмади.

Таққослаш учун, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган. Гарчи олтин экспорти борасидаги статистик маълумотлар батафсил келтирилмаган бўлса ҳам, ўтган йилда аввалги йилларга қараганда олтин сотишдан камроқ даромад олинганини кўриш мумкин. Олтиннинг умумий экспортдаги улуши ҳам 21,3 фоизгача (2021 йилнинг мос даврида 24,7 фоиз) пасайган.

Дунёдаги олтин олди-сотдиси тенденцияси

Жаҳон олтин кенгашига кўра, 2022 йилда турли мамлакатларнинг марказий банклари жами 1136 тонна олтин сотиб олган, бу – 1967 йилдан бери энг юқори харид даражаси ҳисобланади.

Энг йирик харидорлар Туркия ва Хитой бўлди. Туркия Марказий банки 2022 йилда расмий олтин захираларини 148 тоннага ошириб, жами захираларини 542 тоннага етказди.

«Олтиннинг инқироз давридаги ишлаши ва узоқ муддатли қиймат захираси сифатидаги роли марказий банкларнинг олтин харид қилиш борасидаги қарорларига таъсир қилувчи омиллардир. Демак, геосиёсий ноаниқлик ва беқарор инфляция билан кечган 2022 йилда марказий банклар олтин захираларини оширишга қарор қилгани ажабланарли эмас», – дейилади Жаҳон олтин кенгаши таҳлилларида.

Россия Марказий банки халқаро санкциялар жорий этилганидан кейин маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан олтин сотиб олишни қайта бошлашини маълум қилди. Аммо январ ойида унинг олтин захиралари 3 тоннага камайганидан сўнг бошқа маълумотлар эълон қилинмади.

Минтақавий миқёсда Яқин Шарқ йил давомида олтиннинг фаол харидори бўлди. Миср (47 тонна), Қатар (35 тонна), Ироқ (34 тонна), Бирлашган Араб Амирликлари (25 тонна) ва Уммон (2 тонна) олтин захираларини сезиларли даражада оширган.

Мавзуга оид