Жаҳон | 23:15 / 03.02.2023
10810
2 дақиқада ўқилади

Россияга қарши санкцияларнинг янги тўплами 10 миллиард евролик чекловларни назарда тутади 

Янги санкциялар аввалги чекловлардаги бўшлиқларни ёпишга қаратилган ва 24 февралда жорий этилади. 

Фото: Getty Images

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакети 10 миллиард евро миқдоридаги чекловларни ўз ичига олишини маълум қилди. 

Янги санкциялар пакети 24 февралдан жорий қилинади. 1 йил олдин, айнан шу санада Россиянинг Украинага босқини бошланган эди. 

«Ўнинчи санкциялар пакети йўлда, у 10 миллиард еврони ташкил қилади. Бу янада кенг кўламли пакет бўлади», деди Урсула фон дер Ляйен Киевдаги Европа Иттифоқи ва Украина саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида. 

Еврокомиссия раҳбарининг таъкидлашича, янги санкциялар тўпламида Европа Иттифоқи аввалроқ қабул қилган чекловлардаги бўшлиқларни ёпишга эътибор қаратилади. 

2 феврал куни Европа парламенти Россиянинг ЛУКОЙЛ ва «Росатом» компанияларини Европа бозоридан чиқариб юбориш, Россияда қазиб олинадиган барча турдаги ёқилғи ва уранни Европа Иттифоқига олиб киришга эмбарго жорий этиш ва «Шимолий оқим 1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларидан фойдаланишдан узил-кесил воз кечиш ҳақида янги резолюцияни қабул қилган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид