Авиаҳалокатлар орасида Югославиянинг JAT (Jugoslovenski Aerotransport) авиакомпаниясига тегишли бўлган McDonnell Douglas DC-9-32 самолёти билан содир бўлган ҳодиса алоҳида ажралиб туради.

Бу самолёт Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳридан Югославия пойтахти Белградга учаётганда номаълум шахслар томонидан портлатиб юборилади.

Оқибатда самолёт осмоннинг ўзида иккига бўлиниб кетади ва 10 160 метрдан Чехословакия ҳудудига қулаб тушади. Қутқарувчилар самолёт бортида бўлган йўловчилар ва экипаж аъзоларининг жасадларини йиғиштириб олаётганда 22 ёшли стюардессани тирик топиб олишади.

Стюардесса оғир тан жароҳатлари олиб, икки оёғи, бир нечта қовурғаси синган бўлса-да, тирик қолган эди. Шифокорлар қизнинг ҳаётини сақлаб қолишади.

Кейинчалик самолётни портлатганлар Хорватияни озод қилиш ҳаракати аъзолари экани маълум бўлади.

Фото: viewfromthewing.com

Ҳодисадан олдинги вазият

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Болқон яриморолида Югославия социалистик федератив республикаси тузилади. Бу давлат таркибида олтита иттифоқдош республика – Сербия, Хорватия, Черногория, Словения, Босния ва Герцоговина ҳамда Македония бор эди.

Иккинчи жаҳон урушигача мустақил бўлган Хорватия, қолаверса, бошқа иттифоқдош республикалар ҳам серблар қўл остида яшашга рози эмасди. Худди СССРдаги каби улар иттифоқ таркибида куч билан ушлаб турилган.

Собиқ Югославия харитаси

Ўша пайтларда Хорватияни озод қилиш ташкилоти аъзолари бўлган хорватлар тез-тез қўпорувчилик ҳаракатлари содир этиб турарди. Стокҳолмдан Белградга учаётган самолётни портлатиб юборган кимсалар ҳам айнан хорватлар бўлишган.

Ҳалокат

1972 йил 26 январ куни маҳаллий вақт билан соат 13:30 да Югославиянинг JAT (Jugoslovenski Aerotransport, халқаро номи — Yugoslav Airlines) авиакомпаниясига тегишли бўлган McDonnell Douglas DC-9-32 самолёти Стокҳолм-Копенгаген-Загреб-Белград йўналишида парвоз қилади.

Соат 14:30 да самолёт Копенгагенга қўнади ва борт кузатувчилари гуруҳи алмашади. Соат 15:15 да McDonnell Douglas Дания пойтахтидан ҳавога кўтарилади. Ўшанда унинг бортида 5 нафар экипаж аъзоси ва 23 нафар йўловчи бор эди.