Жаҳон | 11:51 / 04.02.2023
10778
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефть маҳсулотларига нарх юқори чегараси тўғрисида келишиб олди

Келишилган нарх юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар учун бир баррель учун 100 долларни, арзонроқ нефть маҳсулотлари учун эса 45 долларни ташкил этади. Чеклов 5 февралдан кучга киради.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи давлатлари Еврокомиссия томонидан илгари сурилган Россия нефть маҳсулотлари учун чекланган нархларни белгилаш таклифига рози бўлди, деб хабар берди Reuters 3 февраль, жума куни Европа Иттифоқига раислик қилувчи Швеция расмийларига таяниб.

Брюсселда вакиллик қилган дипломатларга кўра, дизель ёнилғиси каби юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар учун бир баррелга (159 литр) 100 доллар (тахминан 91 евро) нарх чегараси келишилган. Германиянинг Handelsblatt ишбилармонлик газетасига кўра, Европага етказиб бериш учун дизель ёнилғисининг бир баррели яқинда халқаро биржаларда тахминан 100-120 евро эквивалентида сотилган. Арзонроқ нефть маҳсулотлари, масалан, мазут учун максимал нарх бир баррелга 45 долларни ташкил қилади. Полша ва Болтиқбўйи давлатлари аввалроқ нархларни янада пасайтиришни талаб қилишган.

Европа Иттифоқи Россиянинг Украинадаги урушни молиялаштириш манбаларини қисқартиришга умид қилаётган чеклов 5 февралдан кучга киради. Аввалроқ Европа Иттифоқи, "Катта еттилик" давлатлари ва Австралия Россиядан хом нефть етказиб бериш учун баррелга 60 доллардан чеклов жорий қилган эди.

2022 йил 27 декабрда Россия президенти Владимир Путин Ғарб давлатлари томонидан Россия нефти ва нефть маҳсулотларига нархларнинг юқори чегарасини жорий қилишига жавоб чоралари тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, агар шартномаларда тўғридан тўғри ёки билвосита нархларни чеклаш механизмидан фойдаланиш назарда тутилган бўлса, Россия нефти ва нефть маҳсулотларини хорижий харидорларга етказиб бериш тақиқланади.

Фармонга мувофиқ сотилиши тақиқланган етказиб бериш жараёни айрим ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги алоҳида белгилаб қўйилган, аммо фақат Россия Федерацияси президентининг махсус қарори асосида. Фармон 2023 йил 1 февралдан кучга кирди ва 1 июлгача амал қилади.

Мавзуга оид