ОАВ Украина мудофаа вазири истеъфога чиқиши ҳақида хабар берди. Унинг ўзи муносабат билдирди
Унинг ўзи бу борада президент қарор қабул қилиши ва унинг ҳар қандай қарорини қабул қилишини айтди.
Украина мудофаа вазири Алексей Резников кейинги ҳафтада истеъфога чиқиши мумкин. Бу ҳақда «Украинская правда» президент офиси, вазирлар маҳкамаси ва Украинанинг кучишлатар тузилмаларидаги манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, ҳозирда Володимир Зеленский жамоасида вазирни қайси лавозимга ўтказиш масаласи муҳокама қилинмоқда, чунки «Украина президенти офисида ҳеч кимда у жамоада қолиши кераклиги борасида шубҳа йўқ». Асли ҳуқуқшунос бўлган Резников адлия вазири бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳақда 1 феврал куни Олий Рада депутати Алексей Гончаренко ҳам айтиб ўтганди.
Резниковнинг истеъфоси кутилаётгани ҳақида хабар берган «РБК-Украина» нашри эса «у адлия вазири лавозимига ўтказилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслиги» ҳақида ёзган. Рада депутати Ярослав Железняк аввалроқ Резников Стратегик саноат вазирлигига ишга ўтиши мумкинлигини айтганди.
Ҳар икки нашр ҳам Украина мудофаа вазирлиги раҳбарлиги учун асосий номзод сифатида Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов номзоди кўриб чиқилаётганини маълум қилган.
Резниковнинг ўзи ишдан кетиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган.
«Ҳеч ким курсида абадий эмас. Бу босқич тугашига тайёр туриш керак. Мен мудофаа вазири бўлиб қолишим ёки йўқлиги бўйича фақат бир киши қарор қилади — бу Украина президенти Володимир Зеленский. У тайинлов бўйича тавсия беради, Олий Рада эса тайинлайди. Шу туфайли мен фақат Украина президенти қарорига кўра у ёки бу қарорни қабул қиламан. Ундан кейин эса Зеленский менга нима таклиф қилса, шуни қиламан. Мен ғалабамизга қадар барча ишни қиламан. Менинг ҳуқуқшунос сифатидаги касбим нафақат бу урушда ғалаба қозониш, балки РФ ҳарбийларини жазолаш учун ўзимга қизиқарли лойиҳа топаман деган оптимистик ўйларга имкон беради», дея унинг сўзларини келтиради «Украина сейчас» телеграм-канали.
- Январ ойи охирида Украинада коррупция можаролари ортидан қатор юқори мартабали амалдорлар ишдан кетганди. 1 феврал куни Украина хавфсизлик хизмати қатор амалдорлар ва бизнесменларнинг уйларида тинтувлар ўтказди. Можаролардан бири Украина мудофаа вазирлиги билан боғлиқ: вазирлик ҳарбий хизматчилар учун озиқ-овқат маҳсулотларини бозордагидан икки-уч баробар қиммат нархда сотиб олишда айбланган. Бунинг натижасида мудофаа вазири ўринбосари Вячеслав Шаповалов лавозимдан озод этилди, шунингдек вазирликнинг Давлат харидлари бўйича департаменти директори Богдан Хмельницкий ишдан кетди, шартномаларга айнан у қўл қўйганди.
Мавзуга оид
00:11
Зеленский: Трампнинг жамоаси билан уруш тезроқ тугайди
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024
Россия колоннаси Купянскка ёриб кирган, аммо Украина уни яксон қилганини айтмоқда. Нималар маълум?
10:11 / 15.11.2024