Ўзбекистон | 07:53 / 06.02.2023
2482
1 дақиқада ўқилади

Индонезия уламолар кенгаши билан Самарқандда зиёрат туризми бўйича ҳамкорлик қилинади

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов бошчилигидаги делегациянинг ташрифи доирасида Индонезия уламолар кенгаши вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.

Фото: Kun.uz

Индонезия вакиллари билан “ҳалол” сертификатини жорий қилиш, ушбу мамлакат аҳолисини “Умра+” зиёрат дастурлари доирасида Ўзбекистонга сафарларини уюштириш, қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, икки давлат ҳудудларида биргаликда турли анжуманлар ва кўргазмалар ташкил қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Индонезия уламолар кенгаши билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича меморандум имзолашга келишиб олинди.

Индонезия уламолар кенгаши мустақил ташкилот бўлиб, давлат томонидан молиялаштирилади. Кенгаш Индонезиядаги энг юқори ислом уламолари органи сифатида 1975 йил ташкил этилган. Индонезияда турли динлар ўртасидаги бағрикенглик ва уйғунликни таъминлаш, ислом динини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уламоларнинг миллий тараққиётдаги фаол иштирокини кучайтириш, маҳсулотларга, озиқ-овқат, косметика, фармацевтика ва кийим-кечак маҳсулотларига “ҳалол” сертификатини бериш ва бошқа масалалар кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид