Ўзбекистон | 20:47 / 07.02.2023
8842
3 дақиқада ўқилади

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастури тасдиқланди

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғисида”ги қарорни имзолади.

Дастурга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб профессионал ва олий таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича тегишлича ўқув ва махсус курслар жорий этилади.

Ахборот-таҳлилий шарҳлар ва уларнинг таржималарини чоп этиш ва эълон қилиш билан боғлиқ харажатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига (кейинги ўринларда – Марказ) Давлат бюджети доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

2023 йил 1 июндан бошлаб Марказ томонидан ҳар йили:

  • “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказиб борилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва мигрантлар ҳуқуқлари йўналишларида фаолияти мазкур шахслар билан бевосита боғлиқ бўлган ташкилотларда ўқув курслари ва семинар-тренинглар ташкиллаштирилади.

Марказ 2023 йил 1 апрелга қадар:

  • “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари”, “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари” туркум қўлланма ва рисолаларни тайёрлаш ва чоп этиш чораларини кўради;
  • Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформани яратиб, ишга туширади.

Белгилансинки, мазкур бандда назарда тутилган топшириқларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Марказга Давлат бюджети доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан қопланади.

2023 йил 1 мартдан бошлаб терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилади.

2023 йил 1 майдан бошлаб раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари жорий қилинади.

Марказ Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларини халқаро шартномаларнинг давлат тилидаги тўпламлари, инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув, илмий-услубий ва халқаро нашрлар, инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича юритилаётган хронология материаллари билан тизимли равишда таъминлаб боради.

2023 йил феврал ойида Ўзбекистонда “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилади.

Мавзуга оид