Жаҳон | 07:53 / 09.02.2023
6977
3 дақиқада ўқилади

Шольц: ЕИ босқиннинг бир йиллиги арафасида Россияга қарши санкцияларни кучайтиради

Германия ва Европа Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлайди, деб маълум қилди Германия канцлери ЕИнинг фавқулодда саммити арафасида Бундестагда.

Олаф Шольц / Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи Украинада ҳарбий амалиётларни давом эттираётган Россияга қарши санкцияларни яна кучайтиради. Германия канцлери Олаф Шольц 8 февраль, чоршанба куни Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити олдидан Бундестагда берган баёнотида Россия президенти Владимир Путин на жанг майдонида, на тинчлик битими орқали ўз мақсадларига эриша олмаслигини маълум қилди. Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришининг бир йиллиги муносабати билан Европа Иттифоқи Россияга қарши янги жазо чораларини жорий қилади, деди Шольц.

У Европа Иттифоқи Украинани «керак бўлган вақтгача» қўллаб-қувватлашига ваъда берди. Канцлер Германия Киевга энг катта молиявий ёрдам кўрсатаётган давлатлардан бири эканлигини таъкидлади. «Биз қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича ҳам Европа қитъасида ҳаммадан анча олдиндамиз», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Шольц бирлашишни Ғарб давлатларининг энг катта фойдаси деб атади ва «жанговар танклар, сувости кемалари, самолётлар - ким кўпроқ нарсани талаб қилади - шиори остидаги оммавий савдолар»ни танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай муҳокама ва келишмовчиликлардан фақат Россия президенти ва унинг ташвиқоти фойда кўради.

Бундан ташқари, Германия канцлери Украинага кўрсатилаётган барча ёрдамга қарамай, НАТО Россия билан ҳарбий можарода томонлардан бирига айланмаслиги кераклигини яна бир бор таъкидлади. Шунингдек, у Киевга қурол етказиб бериш бўйича ҳамкорлар билан ишларни яқиндан мувофиқлаштиришни давом эттиришга ваъда берди.

Шольц 2022 йил июнь ойида бўлиб ўтган ЕИ саммитида Украинага Европа интеграцияси йўлида қўллаб-қувватлаш ваъдасини эслади. Яқинлашиб келаётган фавқулодда саммитда ЕИ давлатлари Украинанинг Европа йўлига содиқлигини яна бир бор тасдиқламоқчи, дея таъкидлади Германия ҳукумати раҳбари. Украина Европага тегишли ва унинг келажаги - Европа Иттифоқи доирасида, деб қўшимча қилди Германия канцлери.

8 ва 9 февраль кунлари Брюсселда Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити бўлиб ўтади. Асосий мавзулардан бири Россиянинг Украинага қарши уруши бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид