Жаҳон | 23:46 / 10.02.2023
25957
2 дақиқада ўқилади

Бир гуруҳ республикачилар Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдамни тўхтатишга чақирди 

10 нафар трампчи ва АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Киевни қўллаб-қувватлашга қарши чиқди. 

Фото: Sergei Supinsky/AFP via Getty Images

АҚШ Республикачилар партиясининг Мэтт Гейц бошчилигидаги гуруҳи Вакиллар палатасида «Украинадан чарчоқ резолюцияси»ни рўйхатдан ўтказди. FoxNews хабарига кўра, 10 нафар трампчи (собиқ президент Доналд Трамп тарафдорлари) ҳужжат асосчиси ҳисобланади. 

Резолюция АҚШ томонидан Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам беришни тўхтатишни талаб қилади. Бундан ташқари, унда низолашаётган томонлар ўртасида тинчлик битимини имзолаш зарурлиги ҳам кўрсатилган. 

Республикачиларнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар бошқа давлатлар қаторида Украинага Россия босқинига қарши курашда энг кўп ёрдам берган. Умуман олганда, Вашингтон 110 миллиард доллар миқдорида турли ёрдам кўрсатди (ҳарбий, молиявий, гуманитар), жумладан, хавфсизлик учун 27,4 миллиард доллар ажратган. 

Резолюцияда айтилишича, пул АҚШ ичидаги муаммоларни, жумладан, миграция инқирозини енгиш учун сарфланиши керак. Шунингдек, таъкидланишича, АҚШ ёрдами тинч аҳолининг қурбон бўлишига ҳисса қўшмоқда (уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу тахминан 40 минг киши). 

Республикачилар партияси аъзолари АҚШ томонидан Украинага ёрдам берилиши масаласида якдил эмас. 

Аввалроқ, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Қўшма Штатларга ташрифи чоғида унинг нутқини тинглаш учун республикачиларнинг атиги 40 фоизи келган эди. 

Шу билан бирга, октябр ойида Сенатда Республикачилар партияси раҳбари Митч Макконнел ҳукмрон Демократик партияни Украинага тезроқ ёрдам беришга чақирган эди. 

Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифидан сўнг республикачилар Украина президенти ҳақида яхши фикр билдиришди, аммо АҚШ томонидан кўрсатилган ёрдамни тафтиш қилишни талаб этишган эди. 

АҚШ қонунчилигига кўра, резолюция Конгресснинг иккала палатасида (Сенат ва Вакиллар палатасида) ҳам маъқулланиши керак. Шундан сўнг, тасдиқлаш учун президентга тақдим этилади. «Украинадан чарчоқ резолюцияси» қачон кўриб чиқилиши маълум эмас. 

Мавзуга оид