Оила қуриш ҳар иккала томонга ҳам масъулият юклайди. Эр ва хотин бир тан-у бир жон бўлиб ҳаракат қилмаса, турмуш аравасини тортишнинг ўзи бўлмайди. Аммо ёшликда рўзғор юкларини тенгма-тенг кўтариб, тўкин ҳаётга эришдим деганда аёл кишини ҳеч нарсасиз қолдириш, яна тўрт боланинг таъминотини елкасига ортиб қўйиш, боз устига болалардан бири ногирон бўлса, бу мард эркакнинг иши эмас.

Қашқадарёлик аёлнинг бошидан ўтганларини тинглар эканман, беихтиёр хаёлимдан шундай ўйлар ўтди.

Бахтсиз ўтган болалик

“Оилада 5 нафар фарзанднинг каттасиман. Ёшлигимизда дадам бувимнинг гапига кириб, онамни кўп урарди. Мактабни битирар чоғимда дадам бир аёлни уйга олиб келди. Бу менинг тутинган синглим, фарзанди йўқ, шу ерда даволанади, деди.

Кейин билсак, унга уйланиб олган экан. Ўша аёл билан овора бўлиб, отам бизга эътибор қилмай қўйди. Онам эса рўзғор тебратиш учун  бозорда кўкат сотарди. Ундан кейин ҳам жуда кўп жанжаллар бўлди. Дадам уйдан кет, деб онамни урарди.

1999 йил қўшнимиз мени опасининг ўғлига келин қилди. Қизлар бу кунни ҳаяжон билан кутади. Менинг эса ҳатто тўйим ҳам хурсандчилик билан ўтмаган. Сабаби, дадам онамни тўйдан икки кун олдин дўппослаб, юз-кўзларини кўкартириб ташлаганди.

Онам шўрлик ҳатто меҳмонларнинг олдига ҳам чиқолмаган. Тўйнинг бошида кундошлари турган. Тўй ҳам ўтди. Онанг яхши сеп қилиб бермаган, деб эрим кўп урарди. Имкон қадар, борича қилиб бергандилар.

Ҳомиладор бўлдим, аммо калтаклар сабаб ҳомилам нобуд бўлди. Орада вақт ўтиб, яна шу ҳолат такрорланди. Учинчи ҳомиламда эса жуда кўп асабийлашганим учун ўғлим касаллик билан туғилди.Уни ҳатто даволатишмади ҳам. Орада қийинчиликлар ва дилхираликлар кўп бўларди.

Қайнотам орага тушиб, кўп жанжал қиларди ва кўп урарди, ҳатто квартирага чиқариб қўйишди. Тўрт нафар қайнсинглим бор. Уларнинг, қайнона-қайнотамнинг хизматини қилардим. Катта рўзғор, ўзига яраша қийинчиликлари бор, ҳатто дам олишга ҳам вақтим бўлмасди. Жанжаллар кундан кунга кўпаяверди. Ахийри онамникига кетдим. Аммо эрим келиб олиб кетди.

“Укаларинг учун чида”

Онамга ажратиб олинг, десам, ўзи менинг ҳаётим бундай бўлиб ўтирибди, сеники ортиқчалик қилади. Чида, укаларингни ўйла, деб айтарди. Ўғлим учга кирганда уни қайнона-қайнотамга ташлаб, эрим билан Россияга ишлагани кетдик.

Бошида кўча тозаловчи бўлиб ишладик. Ўшанда ертўлада яшардик. Кейин эрим ишламай қўйди, 11 ой бекор ётди. Ўзим у ёқ бу ёқдан ишлаб келардим. Ишлаган пулларимнинг тийин-тийинигача қўлига топширардим. Ҳатто ўз эҳтиёжларим учун ҳам ишлатолмасдим.