Жаҳон | 21:07 / 13.02.2023
17265
2 дақиқада ўқилади

Совиткич зилзилада қутқариб қолиши мумкинлиги рад этилди 

Маиший техника оғир плиталарни ушлаб туриши даргумон. 

Фото: Tengrinews

Ижтимоий тармоқларнинг қозоқ сегментида совиткич (холодилник) зилзила пайтида одамлар ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлиги ҳақидаги хабар тарқалди. Илова қилинган суратларда совиткич гўё қулаб тушган оғир шифтларни ушлаб тургани тасвирланган. 

«Туркияда ишлаётган ФВВ ходимларимиз зилзила содир бўлганда энг хавфсиз жой совиткичнинг ёни эканини маълум қилмоқда», дейилади хабар матнида. 

«Мана совиткич яқинидаги хавфсиз жой. Мен совиткич ёни мутлақо хавфсиз деб айтолмайман. Лекин қаранг, қанча хонадонларни кўрдик, шифт доимо совиткич устида туради. Бундан ташқари, совиткичда овқат ва сув бор. Қаерга борманг, ҳамма жойда шу ҳолат. Унинг устида 10-15 қатлам бетон плита турибди, лекин ҳаммасини ушлаб турибди», дейди аудиохабарда эркак овози. 

Фото: Tengrinews

Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати қозоғистонлик қутқарувчилар бу маълумотларнинг тўғрилигини тасдиқламаганини маълум қилди. 

«Биз Туркияда ишлаётган ходимларимиздан сўрадик. Улар ҳеч қачон бундай нарсани кўрмаган. Балки бу бошқа вилоятларда олинган суратлардир. Шунинг учун биз бу маълумотни тасдиқлай олмаймиз, шунингдек, рад эта олмаймиз», дейилади хабарда. 

Қозоғистон ФВВ вакили Руслан Имонқулов сўзларига кўра, совиткич оғир плиталарни ушлаб туриши даргумон. 

«Агар ушбу фотосуратларга қарасангиз, совиткич юқоридан бу плиталарни ушлаб турмаганини кўришингиз мумкин. Балки бетон плиталарнинг оғирлиги унчалик катта бўлмаган энг юқори қаватларда совиткич назарий жиҳатдан бу оғирликни кўтара олиши мумкин. Лекин, совитгич нимадан ясалганига қаранг: ичи пластмассадан, ташқи томони эса юпқа металл қатламдан иборат. У оғир плиталарни ушлаб тура олиши даргумон», деди у. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид