Жаҳон | 12:24 / 14.02.2023
12174
4 дақиқада ўқилади

«Рамштайн»: Зеленский қурол бўйича қарор қабул қилинишига умид қиляпти

Президент Брюсселда бўлиб ўтадиган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳининг тўққизинчи йиғилишида ва 24 февралгача Киевга кейинги қурол етказиб бериш бўйича қарорлар қабул қилинишига умид қилмоқда.

Фото: president.gov.ua

Украина президенти Володимир Зеленский 14 февраль, сешанба куни Брюсселдаги НАТО штаб-квартирасида Украина Мудофаа алоқа гуруҳининг (UDCG) «Рамштайн» форматидаги тўққизинчи йиғилиши Киевга кейинги қурол-яроғ етказиб бериш бўйича қарор қабул қилишига умид қилмоқда. Зеленский кечки видеомурожаатида тегишли позицияни эълон қилди.

«Биз тайёрланяпмиз. Барча музокараларимиз «Рамштайн»даги ҳамкорларнинг мудофаа қарорларида ҳам, 24 февралгача бўлган даврда ҳам ўз аксини топиши учун ишлаяпмиз», - деди Зеленский.

Украина раҳбари янги икки томонлама музокаралар ва учрашувлар режалаштирилаётганини қайд этди. «Биз дипломатик ишларнинг бундай интенсивлигини Украина учун янги минимал нормага айлантирмоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.

Алоқа гуруҳи доирасидаги маслаҳатлашувлар куннинг биринчи ярмига режалаштирилган ва АҚШ шафелигида ташкил этилади.

Кейинроқ НАТОнинг 30 та давлати мудофаа вазирлари ўртасидаги музокаралар Брюсселда бошланади ва 15 февралда давом этади. Гап Шимолий Атлантика альянси томонидан амалга оширилаётган мудофаани кучайтириш, шунингдек, Украинани қўллаб-қувватлашни ошириш ҳақида боради. Вазирлар сафига уларнинг украиналик ҳамкасби Олексий Резников ҳам қўшилади. Шунингдек, у Алоқа гуруҳи йиғилишида иштирок этади.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Киевни зудлик билан қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади – бу Россия жанг майдонида ташаббусни қўлга киритишига қадар қилиниши керак.

Бош котибнинг сўзларига кўра, гап «логистик таъминот» пойгаси ҳақида бормоқда. Вазирлар НАТО мудофаа режалаштириш интилишларининг янги даражасини келишиб олишлари ва альянснинг мудофаа саноати салоҳиятини ошириш йўлларини кўриб чиқишлари кутилмоқда.

Мудофаа буюртмаларини кутиш муддати сезиларли даражада ошди, баъзи ҳолларда эса икки баравар кўпайди. Шундай қилиб, бош котибнинг сўзларига кўра, йирик калибрли ўқ-дориларни кутиш муддати 12 ойдан 28 ойга кўпайган ва бугун берилган буюртмалар фақат 2,5 йилдан сўнг етказиб берилади. 

Шунингдек, муҳим сувости инфратузилмасини ҳимоя қилишни кучайтириш чоралари ҳамда альянс доирасида мудофаа харажатларини сақлаб қолиш ва ошириш йўллари муҳокама қилинади.

НАТО Мудофаа вазирликлари раҳбарлари Россия таҳдидига дуч келаётган Грузия, Молдова, шунингдек, Босния ва Ҳерцеговинага амалий ёрдамни кучайтириш масаласига тўхталиб ўтади.

Аввалроқ, 13 февраль куни Столтенберг нега Украинани бундан ҳам кўпроқ қурол-яроғ билан таъминлаш зарурлигини тушунтирган эди. «Украина фронти учун қурол, ўқ-дорилар, эҳтиёт қисмлар, ёнилғини қанчалик тез етказиб бера олсак, шунчалик кўп одамларнинг ҳаётини сақлаб қоламиз ва музокаралар орқали бу можарога тинч йўл билан ечим топишга қаратилган саъй-ҳаракатларни шунчалик яхши қўллаб-қувватлаймиз», деди НАТО раҳбари.

«Агар Путин Украинада ғалаба қозонса, бу украиналиклар учун фожиа ва биз учун таҳдид бўлади, чунки бу унга ва бошқа авторитар режимларга куч мукофотланишини билишига имкон беради. Бу дунёни янада хавфли ва барчамизни янада заифроқ қилади», - дейди Столтенберг.

У яқинда иттифоқчиларнинг Украинага танклар, оғир қуроллар етказиб бериш ва украиналик ҳарбийларнинг тайёргарлиги ҳақидаги баёнотларини олқишлади.

Мавзуга оид