Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Суриянинг исёнчилар назоратидаги анклави ҳамда Дамашқдаги ҳукумат назорат қиладиган бошқа ҳудудларидаги қурбонларнинг жами сони 5 800 кишини ташкил этмоқда.

«Туркияда икки зилзиладан жабрланган 10 вилоятда яшовчи болаларнинг жами сони 4,6 миллион нафарни ташкил этади. Сурияда эса табиий офат 2,5 миллион болани четлаб ўтмаган», дея хабар қилди журналистларга ЮНИСЕФ матбуот котиби Жеймс Элдер.

Сешанба тонгида Қаҳрамонмарашда қутқарувчилар харобалар остидан бир бола ва бир катта ёшли кишини чиқариб олишди. Улар қарийб 200 соат мобайнида вайроналар остида бўлишган.

Қаҳрамонмарашнинг бошқа ҳудудида қутқарувчилар зилзила ва кейинги силкинишлардан омон қолгани тахмин қилинаётган бир оиланинг уч вакили – буви, она ва қизни топишга ҳаракат қилмоқда.

Туркия нашрларига кўра, қутқарувчилар яна бир неча жойларда омон қолганларни топишга умид қилмоқда, бу нуқталарда харобалар остида ҳаёт аломатлари сезилган.

Сешанба куни Туркия президенти Эрдўған қутқарув ишларига жами 249 минг киши жалб этилганини маълум қилди.

Сешанба куни қутқарувчилар харобалар остидан 17 ёшли Муҳаммад Энес Енинар ва унинг 21 ёшдаги акаси Абдулбакини олиб чиқишди – улар зилзиладан кейин 198 соат давомида вайроналар остида қолишган. Фото: Getty Images

Аммо мамлакат жанубидаги Антакяда экскаваторлар жиддий даражада шикастланган биноларни снос қилишга ва харобаларни тозалашга киришган - қутқарувчилар энди омон қолганлар топилишига умид қилишмаяпти.

Кўплаб аҳоли ва қутқарувчилар ҳам зилзиладан кейинги дастлабки кунларда фалокат ҳудудларида ичимлик суви, озиқ-овқат, дори-дармон, жасадлар учун қоплар ва кўтариш кранлари етишмаслигидан шикоят қилишди. Туркия Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси ҳам ёрдам кўрсатишдаги сусткашлик ва ҳаддан ташқари марказлашган бюрократик процедуралар учун танқид қилинди.

Туркия тадбиркорлар конфедерацияси ва республика ишбилармон доиралари вакилларининг ҳисоб-китобларига кўра, зилзиладан кўрилган зарар миқдори 84,1 млрд долларга баҳоланмоқда.

Дам олиш кунларида эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, асосий харажатлар бинолар, электр узатиш линиялари ва инфратузилмаларни тиклаш, шунингдек бошпанасиз қолган юз минглаб кишиларнинг қисқа ва узоқ муддатга турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш билан боғлиқ бўлади.