Ўзбекистон | 09:20 / 16.02.2023
11705
4 дақиқада ўқилади

“Бир пайтлар “снос”да ҳам ишлаганмиз” – Президент мактаби ўқитувчиси

Дилфуза Избаева Фарғона шаҳридаги Президент мактабида география фанидан дарс беради. Ўқувчиси Ўзбекистон биринчи марта қатнашган Халқаро иқтисод олимпиадаси иштирокчиси. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган мураббий бугунги кундаги ўқитувчилик фаолияти ҳамда Президент мактабида ишлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берди.

Дилфуза Избаева Устоз-2020 финалисти, Global Money Week 2022 доирасида энг яхши дарс танлови совриндори ҳисобланади. “Йил аёли” танловининг вилоят босқичи “Энг жонкуяр устоз” номинацияси ғолиби бўлган.

Дилфуза Избаева

“Фурқат туманининг Навбаҳор қишлоғида туғилиб ўсганман. 1-мактабни тамомлаб Қўқон давлат педагогика институтининг география ва иқтисодий билим асослари факультетида таҳсил олдим. 2005 йилда Фарғона шаҳрига кўчиб келдик. 2006 йилда аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ўқитувчи бўлиб ишга қабул қилиндим. Таълим даргоҳида 15 йил ишладим.

Фарғона шаҳрида Президент мактаби ташкил этилиши муносабати билан эълон қилинган танловдан муваффақиятли ўтиб айни пайтда ушбу масканда фаолият юритяпман.

 

Оддий мактаб билан Президент мактабининг фарқи катта. Президент мактабида бир синфда 12 нафар ўқувчи таҳсил олса, аввалги ишхонамда 30 ўқувчига дарс ўтганмиз. Ўқитувчи ўз устида ишлаши ва ўз навбатида ўқувчига керакли билимни бера олиши шарт.

Кечагидек ёдимда, пахта теримига бориш учун рўйхат шакллантирилар эди. Бир ҳафталик юкларни тайёрлаб олис туманларга бориб пахта терар эдик. Бундан ташқари бир пайтлар Фарғона шаҳрида “снос”лар бошланган. Қурилиш ишларига ҳам энг аввало ўқитувчилар кези келганда текин ишчи сифатида жалб қилинган.

Ҳозирги давр билан солиштирадиган бўлсак бугунги кунга келиб ҳукумат томонидан ўқитувчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда ҳар бир ўқитувчининг кўрсатаётган натижаси муносиб баҳоланмоқда.

Ўқувчисининг истеъдодини сезиш, уни аниқлай олиш ва унинг қобилияти, орзусини рўёбга чиқариш албатта ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Президент мактабида таҳсил олаётган ўқувчилар минглаб болалар орасидан саралаб олинган. Уларнинг орасида ҳам бошқаларига қараганда янада иқтидорлиси учраб туради. Ўтган йили ўқувчим Жалолиддин Абдумўминов иқтисодий билим асослари фанидан олимпиадада қатнашиб республикада 3-ўринни эгаллади. Ана шундай истеъдодли ўқувчиларни тарбиялаш ва тўғри йўлга йўналтириш ўқитувчининг касбий маҳоратига ҳам боғлиқ.

 

Ўқитувчилик энг шарафли касблардан бири. Чунки ўқувчилар сизни ҳурмат қилишади. Уйда фарзандларимни мактабга кузатиб бу ерга келсам ўқувчиларим кутиб олиб кайфиятимни кўтаришади.

Инсон ҳаётида унинг эришган ютуқлари, натижалари энг ёрқин лаҳзалар бўлса керак деб ўйлайман. Тўрт нафар фарзандим бор. Тўнғич фарзандим Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги Мирзо Улуғбек мактаб-интернатида таҳсил олади. Ўтган йили Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Инновацион ғоялар етакчиси кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳодиса оиламиз учун эсда қоларли воқеалардан бири бўлди.

 

2020 йилда “Устоз” миллий мукофоти ташкил этилди. Танловда 13 мингдан зиёд ўқитувчилар иштирок этган бўлса, шуларнинг 30 нафар финалчилари қаторидан жой олдим. Бу мукофот ҳаётимда ёрқин из қолдириб, касбим бўйича янги йўлларни очди.

Президент мактабида иш вақтимиз кеч якунланади. Тўғрисини айтганда, мактабдан кетгингиз келмайди. Катта қизим 9-синфда ўқийди. Уй юмушларида менга ёрдамчи. Фотима Зуҳра қизларим билан алоҳида дарс қиламиз. Ота-оналар кўпроқ рўзғор ташвиши билан бўламиз, лекин фарзандларимизни ҳам ҳеч қачон ёддан чиқармаслигимиз керак. Уларга эътиборни сусайтирмаслик лозим.

Ўзимнинг соҳам география фани ҳақида тўхталадиган бўлсам, иқлим ўзгаряпти, аномал иссиқ ва совуқлар, зилзилалар буларнинг барчаси ҳозирги кундаги иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ ҳодисалар ҳисобланади. Ер табиатида экология ёмонлашуви билан боғлиқ ҳодисалардир. Шунинг учун ўқувчилар учун экологик тарбия ғоят муҳим. Иқлим ўзгаришларининг сабаблари, оқибатлари ва уларнинг олдини олиш бўйича алоҳида дарс қўйилиши лозим деб ўйлайман. Чунки ўқувчилар юз бераётган табиат ҳодисаларини таҳлил қила олиши керак”, – дейди Дилфуза Избаева.

Сарвар Зияев,
Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид