Жаҳон | 09:13 / 16.02.2023
8897
2 дақиқада ўқилади

Франция ва Хитой Украинада тинчликка эришиш бўйича ҳамкорлик қилади

Эммануэл Макрон ва Ван И «халқаро ҳуқуқ нормаларини ҳурмат қилган ҳолда Украинада тинчликка эришиш бўйича умумий мақсад»га содиқлигини билдирди.

Фото: CGTN

Франция ва Хитой Украинада тинчликка эришиш учун ҳамкорлик қилиш ниятида. Бу ҳақда 15 февраль, чоршанба куни Елисей саройи матбуот хизмати хабар қилишича, Парижда Франция президенти Эммануэл Макрон ва Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитасининг ташқи ишлар бўйича комиссияси канцелярияси раҳбари, Сиёсий бюро аъзоси Ван И томонидан келишиб олинган. Ҳар икки сиёсатчи ҳам мамлакатлари «халқаро ҳуқуқ қоидаларини ҳурмат қилган ҳолда тинчликка эришишнинг умумий мақсади»га содиқлигини билдирди. Шу билан бирга, Макрон Пекин Москвага тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлиши учун таъсир ўтказа олишига умид билдирди.

Матбуот хизмати хабарида Париж ва Пекин Россия қўзғатган ҳарбий можарони қандай қилиб дипломатик йўл билан ҳал қилишга интилиш ниятида экани ҳақида маълумот йўқ. 2022 йил ноябрида G20 саммити чоғида Эммануэл Макрон Хитой раҳбари Си Жинпингни Украинада тинчликка эришишда «воситачи ролини ўз зиммасига олишга» чақирган эди.

Француз томонига кўра, Макрон ва Ван ўртасидаги суҳбатда, жумладан, Россиянинг Украинадаги урушининг «энг заиф мамлакатларга» таъсири, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлиги ва молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинган.

Ван И 2013 йилдан 2022 йил охиригача Хитой ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. Айни дамда у Европа бўйлаб сафарда бўлиб, 17 февраль куни очиладиган Мюнхен халқаро хавфсизлик конференциясига, шунингдек, Москвага ташриф буюришни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид