Ўзбекистон | 18:23 / 16.02.2023
22022
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик қутқарувчилар туркияликларнинг қидирув ишларига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди

Ўзбекистон бригадаси Ҳатайда вайрон бўлган уйлар остидан жами 70 кишини қутқариб олди.

Фото: Hikmet Faruk Başer

Ўзбекистон бригадаси Туркиянинг зилзиладан жабр кўрган ҳудудларида қидирув-қутқарув ишларида иштирок этмоқда.

Зилзиладан энг кўп жабр кўрган жанубий Ҳатай вилоятида 100 кишидан иборат ўзбекистонлик қутқарувчилар ўн кундан ортиқ вақт давомида ишламоқда. Қутқарувчилар ўз ҳаракатларини Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD) вакиллари билан мувофиқлаштирмоқда.

Ҳозиргача ўзбекистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан 70 кишини қутқаришга муваффақ бўлди, деб хабар берди Anadolu.

Ўзбекистонлик қутқарувчилардан бири Убайдулла Рўзметов сўзларига кўра, қутқарув гуруҳлари зилзиладан кўп ўтмай, эпицентри Туркиянинг Қаҳрамонмарашида жойлашган офат ҳудудига етиб келган. «Туркия ҳам қардошларимиз. Уларга ёрдам бера олганимиздан хурсандмиз», деди у.

Рўзметов илгари бундай йирик табиий офатга дуч келмаганини тан олди. «Биз қутқарув ишларини бошладик ва маҳаллий аҳолининг фаол ёрдамини ҳис қилдик. Туркия халқи бизга катта ёрдам берди. Улар бизга керак бўлган ҳамма нарсани олиб келишди. Кеча-ю кундуз тинмай меҳнат қилдик. Ўнлаб одамлар вайроналар остидан қутқариб олинди. Биз қидирув-қутқарув ишлари якунланмагунча шу ерда қоламиз», деб ишонтирди у.

16 феврал ҳолатига Туркия жануби-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзила қурбонлари сони 36,1 минг кишидан ошди.

Мавзуга оид