Улар ҳақида батафсил ўрганадиган ва халққа ҳам ўргатадиганлар, уларнинг ғояларини тарғиб қиладиганлар, асл мақсади нима бўлганлигини оммага очиқлашга уринадиганлар ҳозир ҳам топилади. Сўзимиз исботи сифатида “Қўрқма” асарини кўрсатишимиз мумкин.

Жавлон Жовлиевнинг “Қўрқма” романи ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Германияда таҳсил олган ва собиқ совет иттифоқи томонидан шафқатсизларча қатл этилган миллат йигит-қизларининг хотирасига бағишланади. Асарнинг ўзига хослиги шундаки, аввало ёзилиш услуби эътиборни тортади. Китобхон романни ўқиркан, бир вақтнинг ўзида икки давр кечмишлари, воқеалари, қаҳрамонлари билан тўқнашади. У даврдан бу даврга сакраб юради. Аммо бу сакраш ўқувчига ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Аксинча оралиғида 100 йиллик фарқ бўлган икки замонни таққослаш, фарқлаш имкониятига эга бўлади. Хўш, ўқувчи бу таққослов орқали нималарни билиб олади?

Йигирманчи асрнинг йигирманчи йилларида ўзбек миллати советларга қарам бўлган. Ўз юртида мавжуд олий таълим даргоҳларида ўқий олмаган. Ўқий олганлари эса буткул советча принциплар асосида тарбияланади. “Қизилбоғич”ларга айланишади. Қизиллашади. Ўқишга иштиёқ билан эмас, қўрқув, қуллик, ҳадик ҳислари билан йўл олади. Аммо шундай таҳликали даврда ҳам 70 нафар мард, 70 оташ, 70 миллатпарвар топилган халқда Чўлпон, Фитрат каби фидойи устозлар мавжуд бўлган. Ўқиш учун, бўлажак авлоднинг юксалиши учун, миллатга “тоза ҳаво” учун тиланчилик қиладиганлар, ризқининг бир учидан узиб бера оладиганлар чиққан. 

70 умидвор берлинликлардан-да кўпроқ меҳнат қилган. Улар фақат шонли тарихимиз, даҳо аждодларимизла фахрланиб юриш билан чекланишни исташмаган. Улар энди даҳо авлодларга пойдевор бўлишни кўзлашган. Ҳақ сўзни айта олишган, таҳдид-у ёлғонларга хато кетса-да, бир ўқ уза олишган. Ўз юртида ажални кўриб туришса ҳам, олға боришни эплашган. 

Жавлон Жовлиев

Хўш ҳозир-чи? Ҳозир ҳам топиладими шундайлар? 70 нафар бўлмасин майли. 7 нафар бўлса-да, чиқадими мана, менман, деб? Асар қаҳрамони ҳам худди шу саволларга жавоб излайди. 

Бундан 100 йил илгари советларга қарам бўлган халқ ҳозирда ўз нафсига кучи етмай, чувалашиб ётганини кўрган қаҳрамон бўзлайди. Илгари қуллик тўшагида қўрқув ва хоинлик ишқидан туғилган авлод бўлган бўлса, ҳозир нафснинг наҳс кўрпасида худбинлик ва шайтоний келажак юзага келяпти. Ҳозир Чўлпон ва Фитратлар эмас, “Улуғ курсдош”лар талабалар қошида “парвона”. Ҳозир Хайринисо Мажидхоновалар ўрнини қайсидир мансабдор билан ўтказган кечаларидан бирида бўлиб қолган боласини қандай йўқотишни ўйлаб юрган, жой тополмай, ҳожатхона-ю, ахлат идишларда қолдириб кетаётган талаба қизлар эгаллаган.