Қозоғистонда Ўзбекистон билан маҳбусларни алмаштириш тўғрисидаги қонун имзоланди
Қозоғистон ва Ўзбекистон жиноятчиларни бир-бирига бериш ҳақида келишувга эришди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шу ҳақдаги қонунни имзолади.
«Давлат раҳбари «Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони ўташ учун бериш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақида»ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади», дейилади хабарда.
Тегишли қонун Конституцияда белгиланган талабларни амалга оширишга қаратилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Конституцияда, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Қозоғистон фуқароси хорижий давлатга экстрадиция қилиниши мумкин эмаслиги таъкидланган. Бундан ташқари, республика ўз фуқароларини ўз чегараларидан ташқарида ҳимоя қилиш ва ҳомийлик қилишни кафолатлайди. Худди шундай қоида Ўзбекистон Конституциясида ҳам мавжуд.
Аввалроқ, Қозоғистон бош прокурори ўринбосари Асет Чиндалиев икки давлат ўртасида маҳкумларни топшириш ёки рад этиш учун асосларни кўрсатиб берган эди.
«Маҳкум қуйидаги ҳолларда топширилади: агар у икки давлатдан бирининг фуқароси бўлса, унинг қилмиши ҳар икки давлатда ҳам жиноят деб ҳисобланса, жазони ўтаб бўлишга камида бир йил қолган бўлса ва ҳар икки давлат бундай жараёнга рози бўлса», деди Асет Чиндалиев.
Айни пайтда, унинг сўзларига кўра, агар ҳаракатлар мамлакат суверенитети ва хавфсизлигига путур етказса, миллий қонунчиликка зид бўлса, маҳкумнинг молиявий мажбуриятлари бўлса, суд ёки тергов давом этса, ушбу жараён рад этилади.
«Маҳкумлар ўз хоҳиши билан бошқа давлатга қайтарилади, чунки шартноманинг асосий шартларидан бири маҳкум ўз мамлакатида жазони ўташ нияти тўғрисида ариза тақдим этиши шарт», деди Қозоғистон бош прокурори ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, айни пайтда Қозоғистондаги озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида Ўзбекистоннинг 486 нафар фуқароси жазо ўтамоқда – бу Қозоғистонда шундай жазога тортилган хорижий фуқароларнинг ярмини ташкил этади.
Ўзбекистонда Қозоғистоннинг 20 нафар фуқароси озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтамоқда.
Мавзуга оид
17:04 / 11.12.2024
Қозоғистонда куйдирги сабабли чорва учун мажбурий карантин жорий этилди
16:33 / 25.11.2024
Ўзбек аёлларини ҳақоратлаган туркиялик стендапчи: унга қарши Истанбул прокуратурасига ариза топширилган
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024