Британия: Россиянинг 40-60 минг ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди
Россия Мудофаа вазирлиги ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг йўқотишлари уруш бошидан бери ярадорлар ва ҳалок бўлганлар ҳисоблаб чиқилса, 175-200 минг аскарга тенг. Бу ҳақда Британия разведкаси кундалик шарҳида маълум қилди.
Украинада Россия уруши бошланганидан бери, Россия Мудофаа вазирлиги ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кучларининг 175-200 минг жангчиси ҳалок бўлган ва яраланган бўлиши мумкин. Бундай маълумотлар Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг 17 февраль, жума куни кундалик ҳисоботида келтирилди. Британия разведкаси маълумотларига кўра, жами 40-60 минг ҳарбий ҳалок бўлган. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россияда «қисман сафарбарлик» ўтказилган 2022 йил сентябридан буён уларнинг сони сезиларли даражада ошган.
Замонавий стандартларга кўра, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар нисбати - юқори, деб таъкидлади Британия разведкаси. Бу, албатта, шахсий таркибнинг кўпчилиги учун ўта қониқарсиз тиббий ёрдам билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.
Йўқотишлар асосан артиллерия зарбалари натижасидир, дея таъкидлайди Британия Мудофаа вазирлиги.
«Вагнер гуруҳи» жуда кўп сонли жангчиларни жалб қилди. Улар орасида йўқотишлар 50 фоизга етиши мумкин, дея кўрсатилган хулосада.
Норвегия Қуролли кучлари бош қўмондони генерал Эйрик Кристофферсен 22 январь куни Норвегиянинг TV 2 телеканалига берган интервьюсида Украинадаги урушда қарийб 180 минг россиялик аскарлар ҳалок бўлгани ёки яраланганини айтди.
Украинанинг йўқотишлари 100 000 дан ошиб кетиши мумкин, дея қўшимча қилди Кристофферсен. Бундан ташқари, Украинада уруш натижасида 30 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлди, дея таъкидлади у.
2022 йил 21 сентябр куни мудофаа вазири Сергей Шойгу Россиянинг Украинадаги йўқотишлари 5937 кишини ташкил этаётганини маълум қилди.
12 февраль куни CNN икки собиқ вагнерчи билан интервьюни эълон қилди. Уларнинг иккаласи ҳам фронтда украиналиклар томонидан асирга олинган ва Россия қамоқхонасидаги урушга ёлланган, деб таъкидлади телеканал.
Асирлар «вагнерчилар» орасида кўплаб қурбонлар ҳақида гапириб беришди. «Биз 90 киши эдик. Биринчи ҳужумда 60 киши ҳалок бўлди, миномётдан ўқ узилди», деди улардан бири Луҳанск вилоятидаги Белоҳоровка яқинидаги ҳужум ҳақида. Яна бир ёлланма аскар Луҳанск вилоятининг Лисичанск шаҳрига беш кун давом этган ҳужумда иштирок этган: «Биз буйруқсиз чекинишимиз мумкин эмас эди, чунки агар буйруққа риоя қилмасак, бизни ўлдиришарди». Унинг сўзларига кўра, бир киши яширинган, кейин унга қабр қаздиришган ва отиб ташлашган.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024