Жаҳон | 22:41 / 18.02.2023
54716
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг барча президентлари учрашиб, бир-бирини кечирди 

Амалдаги президент Садир Жапаров собиқ ҳамкасбларини бир дастурхон атрофида тўплаганини айтди. 

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатнинг барча собиқ раҳбарлари Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Ўтунбоева, Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеэнбеков билан учрашганини айтиб берди. 

«Мен собиқ президентларни бир дастурхонга атрофига йиғдим», деб ёзди амалдаги давлат раҳбари ўз саҳифасида. Унинг сўзларини Kaktus.media келтирди. 

Президент матбуот котиби Эрбол Султанбаев учрашув нейтрал ҳудудда бўлиб ўтганини айтган. Баъзи нашрлар талқинига кўра, улар Дубайда учрашган. 

Жапаров, шунингдек, ҳокимият учун абадий кураш туфайли Қирғизистон уйғун ривожлана олмаслигини, шу туфайли «Марказий Осиёнинг бир бурчагида қолаётганини» айтди. Унинг фикрича, бундай учрашувни ўтказиш мамлакат аҳолисини бирлаштириш нуқтаи назаридан муҳим. 

«Биз ҳаммани бирлаштирган ҳолда халқнинг келажаги ҳақида ўйлашимиз керак», деди Жапаров. 

Шунингдек, у «дастлаб халқ сайлаган ва охири аянчли бўлган барча президентларни йиғсак, балки бир муштдек бирлашган ягона халқ бўлиб қоламиз», деган ўй ўзини узоқ вақтдан бери қийнаганини таъкидлади. 

Жапаровнинг қайд этишича, собиқ президентлар унинг «бир мушт бўлиш» ташаббусини қўллаб-қувватлаган. Унинг сўзларига кўра, улар ҳам ўз дардини гапириб, хатоларини тан олган ва бир-бирини кечирган. 

Мавзуга оид