Жаҳон | 11:46 / 20.02.2023
9765
3 дақиқада ўқилади

Полша НАТОдан Украина учун хавфсизлик кафолатларини талаб қилди

Полша президенти Анжей Дуданинг сўзларига кўра, альянснинг хавфсизлик кафолатлари ваъдалари Украина ва ҳарбий хизматчиларнинг руҳияти учун муҳим роль ўйнаши мумкин.

Анжей Дуда / Фото: Reuters

Полша президенти Анжей Дуда НАТО давлатларини Украинага урушдан кейинги хавфсизлик кафолатларини беришга чақирди. Бу ҳақда у АҚШ президенти Жо Байденнинг Варшавага ташрифи арафасида Financial Times газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Дуданинг сўзларига кўра, хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги ваъдалар Украина ва унинг аскарлари руҳияти учун «муҳим бўлади», бу «НАТО уларни қўллаб-қувватлаяпти» деган туйғуни уйғотади. 

Полша президенти, шунингдек, Оқ уй раҳбарини Варшавага ташрифи чоғида Қўшма Штатлар НАТО Коллектив мудофаа шартномасининг 5-моддасини сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлашга чақирди, унга кўра альянс аъзосига ҳар қандай ҳужум блокнинг барча аъзоларига қарши ҳужум деб ҳисобланади, деб ёзади Financial Times. 

Киев интилаётган хавфсизлик жиҳатлари АҚШ, Буюк Британия ва Франция каби НАТОнинг етакчи кучларини келажакда Украинага ҳужум қилинган тақдирда ҳарбий ёрдам кўрсатишга мажбурловчи тузилмага эга бўлиши мумкинлигини кафолатлайди, деб ёзади газета. 

Президент Володимир Зеленскийнинг маъмурияти бошлиғи Андрей Ермак билан биргаликда Украинанинг урушдан кейинги хавфсизлиги бўйича расмий таклифни қўллаб-қувватлаган НАТО собиқ бош котиби Андерс Фог Расмуссен бу каби кафолатларни Исроил Қўшма Штатлардан олган кафолатларга ўхшаш деб таърифлади. 

Мюнхендаги хавфсизлик конференциясида АҚШ ва Германия расмийлари Украина учун ҳозирги босқичда хавфсизлик кафолатлари зарурлигини камайтириб, Ғарбнинг ҳарбий ёрдами Киевга керак бўлган кафолат эканлигини таъкидлади, деб ёзади Financial Times. Аммо Украина ҳарбий ёрдам учун кўпроқ мажбурий кафолатларга муҳтожлигини таъкидламоқда. 

Нашр шунингдек, Дуданинг мурожаати амалга оширилса, Вашингтондан Жо Байден яқинда айтганидан ҳам ортиқроқ Украинага бўлган мажбуриятни талаб қилишини таъкидлайди. НАТОнинг бир қатор аъзолари бундан эҳтиёт бўлиб, Россия билан урушга тортилишдан қўрқишади ва ўрнига Украина ўзини ҳимоя қила олиши учун қуролли кучларини кучайтириш тарафдори. 

Мавзуга оид