Ўзбекистон | 21:10 / 20.02.2023
5901
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Мисрга ташрифини Аҳмад Фарғоний мероси зиёратидан бошлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасига расмий ташрифини Аҳмад Фарғоний мероси зиёратидан бошлади.

Маълумки, Аҳмад Фарғоний ўз даврининг етук астрономи, математиги ва географи бўлган, Бағдод ва Дамашқда илмий тадқиқотлар ўтказган, 856 йилдан эса Қоҳирада яшаб, умрининг сўнгига қадар Мисрда илм-фан билан шуғулланган.

Олим кўплаб муҳим кашфиётлар қилган. Жумладан, 861 йилда Нил дарёсидаги Равза оролида сув сатҳини ўлчайдиган иншоот барпо эттирган. “Миқёс ан-Нил” номи билан машҳур бу қурилма қишлоқ хўжалиги ва иқлимни баҳолашда жуда муҳим бўлган. Қарийб 1200 йил давомида иншоотдан ўтган асргача узлуксиз фойдаланилган. Бугунги кунда эса у туристик масканга айлантирилган.

2007 йилда Миқёси Нил яқинидаги хиёбонда Аҳмад Фарғонийга ҳайкал ўрнатилган. Президент унинг пойига гулчамбар қўйиб, мутафаккир бобомизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Сўнг давлат раҳбари Миқёси Нил иншоотини кўздан кечирди, унинг тарихи, Аҳмад Фарғоний илм-фанга қўшган ҳиссаси ҳақида олимлар билан суҳбатлашди. Улуғ алломанинг ҳозиргача сақланиб келаётган мероси, умуман, ўзбекларнинг Миср тарихидаги ўрни халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликдан далолат бериши таъкидланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид