20:26 / 21.02.2023
18377

Ўзбекистон ва Миср «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишиб олди

Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон раҳбари кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди. Миср раҳбарияти ва халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтди.

Бўлиб ўтган музокаралар чоғида етакчилар икки мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар - Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг «Янги Республика» дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида якдил фикр билдирди.

«Биз президент жаноблари билан очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтган мулоқотимиз давомида кенг кўламли ҳамкорлигимизни ривожлантиришни муҳокама қилдик. Қарашларимиз, йўналишларимиз бирлигини тасдиқлади.  Сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар, хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш соҳаларида кўп қиррали алоқаларимизни кенгайтириш масалалари бўйича ҳам келишиб олдик. 

Ташриф доирасида газ-кимё, текстиль, электротехника, фармацевтика, заргарлик каби истиқболли соҳаларда саноат кооперациясини йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлишини алоҳида қайд этдик. Мана шу фурсатдан фойдаланиб, мисрлик ҳамкорларимизга ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишлари учун юртимизда барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканлигимизни яна бир бор сизнинг ёнингизда ҳам айтиб ўтмоқчиман.

Албатта, халқларимизни умумий дин, ўхшаш қадриятлар ва азалий дўстлик ришталари чамбарчас боғлаб туради. Бугун икки биродар халқ ўртасидаги муштарак маънавий ришталарни қайта тиклаяпмиз десак, ҳақиқат. Кўп масалалар бўйича биз илм-фан, таълим бўйича жуда катта мулоқот қилдик. Келажакда ишларимиз бардавом бўлиши учун ҳам жуда катта асос борлигини яна бир марта кўрдик», деди Ўзбекистон етакчиси.

Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиқдилар.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Биргаликда «яшил» энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Ўзбекистон раҳбари яна бир бор Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдирди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олинди. Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлигини таъкидлади.

«Халқларимизни умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Шу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Шу маънода, икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистон раҳбари буюк аллома Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

У ўз нутқи якунида Ўзбекистон-Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқлар фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдирди.

Ташриф дастуридаги тадбирлар якунлангач, Қоҳира аэропортида олий мартабали меҳмонни Миср савдо ва саноат вазири Аҳмад Солиҳ ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди. Ўзбекистон раҳбари Тошкентга жўнаб кетди.

Top