Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва Гуржистон муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди
Президент Шавкат Мирзиёев ва Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларация имзолади. Томонлар молия, божхона, рақамлаштириш, ядровий хавфсизлик, миграция, туризм каби соҳаларда ҳам ҳужжатлар алмашган.
Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Жумладан:
- Божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро маъмурий ёрдам тўғрисида битим;
- Ахборот-коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Касбий ва олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
- Ўзбекистон ҳукумати ва Гуржистон ҳукумати ўртасида 2026−2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Гуржистон Маданият вазирлиги ўртасида 2027−2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Гуржистон Молия вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
- E-Permit рухсатномалар алмашинуви ахборот тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
- Соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- Радиациявий ҳимоя ва ядровий хавфсизлик масалалари бўйича ҳамкорлик ҳамда ахборот алмашиш тўғрисида меморандум;
- Меҳнат миграцияси соҳасида ўзаро англашув меморандуми;
- Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан Гуржистон Адлия вазирлигининг Мажбурий ижро бюроси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланди.



Аввалроқ Мирзиёев ва Кобахидзенинг тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларида Гуржистонда Ўзбекистон элчихонасини таъсис этиш қарори қабул қилинган, Тбилисидаги боғга Алишер Навоий номи берилиши маълум қилинган. Икки давлат ўртасида қўшма Инвестиция жамғармаси очилади, савдо айланмаси 1 млрд долларга етказилади.