Ўзбекистон | 19:06 / 21.02.2023
19573
3 дақиқада ўқилади

«Қанча керак бўлса, шунча ёрдам» — Байденнинг Украинага ташрифи нимани англатади?

20 феврал куни АҚШ президенти Жо Байден кутилмаган ташриф билан Киевга келди. Россия босқинига бир йил тўлиши арафасида келган Байден АҚШ Украинага «қанча керак бўлса шунча» ёрдам кўрсатишини билдирди. Кремл ҳозирча расмий муносабат билдирмаган бўлса ҳам, рус пропагандаси аллақачон ташриф Путинга ёқмагани борасида ёзишни бошлади. Kun.uz мухбири сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан Байденнинг Киевга ташрифи ва уруш атрофидаги воқеалар юзасидан суҳбатлашди.

— Жаҳон матбуоти бу ташрифни кутилмаган ва жуда муҳим деб атамоқда. Аслида ҳам шундайми?

— Уруш бўлаётган ҳудудга АҚШ президентларининг келиши давлат сиёсатида бу вазиятга ёки ҳудудга берилаётган эътибор ўзининг энг юқори чўққисида эканини билдиради. Байден Украинада АҚШнинг қўллаб-қувватлашини юқори даражада урғуламоқда. Бир неча кун олдин Германияда бўлган хавфсизликка доир йирик саммитда ҳам Россиянинг Украинадаги уруши фақатгина империалистик уруш деб баҳоланди.

Уруш бошланганидан бери эҳтиёткор бўлган ғарб давлатларнинг позицияси ҳам кескин ўзгарди. Бир йил олдин фақат каска берган давлатлар бугун танкларгача бермоқда. Муҳимроқ қуроллар берилишидан олдин қудратли давлатларда жамоатчилик бунга тайёрланади, жамоатчилик фикри шакллантирилади.

— АҚШ президентининг ташрифи санасига эътибор қилинганми? Умуман, ташриф ҳақида Россия огоҳлантирилганми?

— Ташриф санаси албатта муҳим. Бу сиёсий ўйинларда вабанк дейилади, яъни ўз сиёсий рақибини ноқулай аҳволга қўйиш. Путин Россия парламенти ва халқига мурожаат қилишидан олдинги бу ташриф унинг вазиятини қийинлаштирди. Мурожаатдан олдин Байденнинг келиб-кетиши Россияга сиёсий ва маънавий босим ўлароқ талқин қилиняпти. Рус пропагандаси Байденнинг уруш бўлаётган вақтда бемалол Киевга келишини «таҳқирлаш ва бизга нисбатан тарсаки» дея талқин қилмоқда.

Ташриф ҳақида Россия огоҳлантирилган бўлиши эҳтимоли бор. Бундан ташқари, разведка хизматлари бундай ташрифлар ҳақида маълумотга эга бўлади, одатда. Расмий огоҳлантириш бўлган ҳам бўлиши мумкин. Чунки Байден Киевдалигида Украина осмони «no fly zone» (учиш мумкин бўлмаган ҳудуд) деб эълон қилинди. Россиянинг ўзи ҳам бундай пайтда провокациялардан эҳтиёт бўлади. Бирор бир давлат раҳбарини қасддан ёки эҳтиётсизлик оқибатида ўлдириш жуда катта урушга олиб келиши мумкин. Россия бунга тайёр эмас. Сиёсатчилар қанчалик бир-бирини ёқтирмасин, сиёсатда маълум бир ўйин қоидалари бўлади.

Тўлиқ интервюни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид