Жаҳон | 23:18 / 21.02.2023
23741
2 дақиқада ўқилади

Россия Молдованинг Кишинёв аэропортини эгаллаб олмоқчилиги маълум қилинди

Россия Молдова пойтахти аэропортини эгаллаб олиб, Украинада янги уруш фронтини очишни режалаштираётган бўлиши мумкин.

Фото: EPA

Молдова бош вазири Дорин Речан Россиянинг Кишинёв аэропортини эгаллаб олиш, у ерга ҳарбийлар ва ҳарбий техникаларни жўнатиш, шундан сўнг, Днестрнинг чап қирғоғида янги уруш фронтини очиш нияти борлигини тан олди. Аввалроқ, Украина президенти Владимир Зеленский бу ҳақда айтган эди.

Речан сўзларига кўра, бу Россиянинг ягона режаси эмас ва Молдова унга тайёр. Унинг бу ҳақдаги сўзларини Moldova1 ва Deschide келтирди. 

«Биз вазиятни издан чиқаришга қаратилган бир қанча сценарийлар борлигини айтдик, ҳозир фақат биттаси тилга олинмоқда. Улар бир қанча элементларни ўз ичига олади, жумладан, президент Зеленский тилга олганларни ҳам. Аммо давлатимиз бундай қийинчиликларга дош беришга тайёр», деди Речан. 

Аввалроқ, Зеленский La Republica нашрига берган интервюсида Россиянинг Кишинёв аэропортини эгаллаб олиш режалари ҳақида маълум қилган эди. Украина раҳбари сўзларига кўра, махфий хизматлар бу режалардан хабар топган ва Молдова раҳбариятини огоҳлантирган. Россия бу каби ҳаракатлар орқали Украинада янги фронт очиш учун аскар ва техникани жўнатиш имкониятига эга бўлишни истайди, деган эди Зеленский. 

Мавзуга оид