Жаҳон | 23:22 / 22.02.2023
33074
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Украина бўйича «тинчлик режаси» англашилмовчилик бўлиб чиқди 

Пекин хатони тушунтирди. 

Фото: Reuters

Россиянинг Украинага кенг миқёсли босқинига 1 йил тўлиши арафасида Хитой расмийлари ушбу урушни ҳал қилиш бўйича «тинчлик режасини» эмас, балки «ўз расмий позициясини» эълон қилади. Бу ҳақда Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюн журналистларга маълум қилди, унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирди. 

Цзюн сўзларига кўра, 24 феврал куни Россиянинг Украинага бостириб кириши бўйича «асосан Хитойнинг изчил позициясини акс эттирувчи» ҳужжат тақдим этилади. 

«Биз буни ҳеч қачон тинчлик режаси деб атамаганмиз. Бу позиция ҳужжати. Биз барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишда давом этамиз. Биз давлатлар бир-бирининг хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олиши кераклигини таъкидлаймиз», деди Цзюн. 

Яқинда ўтказилган Мюнхен хавфсизлик конференциясида Хитой бош дипломати Ван И 24 феврал куни Хитой Украинадаги урушни тўхтатиш учун сиёсий ечим таклиф қилувчи ҳужжатни эълон қилиш ниятида эканини айтган эди. 

Bloomberg хабарига кўра, Ғарб расмийлари Хитойнинг тинчликка оид таклифлари Россия президенти Владимир Путин ғояларига айнан мос келади, деб ҳисобламоқда. Режада ўт очишни тўхтатиш, шунингдек, Украинага қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатиш талаблари бўлиши мумкин. 

Украина президенти Владимир Зеленский урушни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Хитой таклифи ҳақида эшитганини тасдиқлади. Бироқ ҳозирча Украина бу борада ҳеч қандай расмий ҳужжатларни олмаганини айтган эди. 

Мавзуга оид